Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бюджет тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар
2020-09-03 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 506-сон қарори билан тасдиқланган 2020 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясининг асосий йўналишларидан бирида бюджет тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги, қамрови ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш белгилаб олинди.
Мазкур йўналиш бўйича бюджет тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар қабул қилинди ҳамда амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги “бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3917-сон қарори ижроси юзасидан БМТТД ҳамда Молия вазирлигининг “Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри чоп этиб келинмоқда. Ҳозирги кунда, 6 та ахборот нашри тайёрланиб, “Очиқ бюджет” порталида жойлаштирилди, шундан сўнгги нашр 2020 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети ҳамда 2019 йилда Давлат бюджети ижроси бўйича Фуқаролар учун бюджет нашри ҳисобланади. Мавжуд амалиётни ҳисобга олган ҳолда ўқувчилар нашр саҳифаларида Давлат бюджети, бюджет даромадларининг ва харажатларининг прогноз кўрсаткичлари, параметрлари ва ижроси, бюджет тақчиллигининг кўрсаткичлари ва унинг қоплаш манбалари, давлат қарзи, бюджетлараро муносабатлар ва ҳоказолар тўғрисидаги муҳим маълумотлар билан танишиб олишлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, барча манфаатдор шахслар Фуқаролар учун бюджет нашрини давлат тилида ҳамда рус ва инглиз тилларида, шунингдек бошқа фойдали маълумотлар жумладан, Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар билан Молия вазирлигининг расмий сайтида ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталида танишиб олишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги жойлаштириб борилаётган маълумотлар ўқувчиларнинг кенг доираси учун фойдали бўлишига умид билдиради ҳамда мазкур маълумотлар бюджет саводхонлигини ҳамда фуқароларнинг бюджет жараёнига жалб этилишини оширишга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги