Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ораста ва оқила қизлар
2014-11-05 | Жамият
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан "Ораста қизлар" кўрик-танловининг мамлакат босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлод, айниқса, қизларнинг пухта билим олиши, миллий анъана ва қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбияланиши, спорт билан шуғулланиши, замонавий касб-ҳунар сирларини эгаллаши йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида ўсмир қизлар соғлиғи ҳақида ғамхўрликни кучайтириш, уларни спорт, бадиий ижодиёт, касб кўникмаларини эгаллашга йўналтирилган тўгаракларга жалб этиш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш юзасидан бажарилаётган ишлар ҳажми ортмоқда.
2011 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимиздаги барча таълим масканларида «Ораста қизлар» тўгараклари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад ўқувчи-қизларда шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, экологик ва тиббий маданиятни юксалтириш, эрта турмуш қуриш ҳолларининг олдини олиш, никоҳ ёшидаги қизларга оила, унинг муқаддаслиги ҳақида тушунчалар беришдан иборатдир.
Бугунги кунда қизларнинг муомала, кийиниш, нутқ одобининг тўғри шаклланиши, катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, озодалик, уй-рўзғор тутумига оид билим ва кўникмаларни эгаллашида ушбу тўгаракларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
– Мактабимизда ташкил этилган «Ораста қизлар» тўгарагига кўплаб қизлар аъзо, – дейди Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги 14-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дилноза Қодирова. – Мазкур тўгаракда олимлар, мутахассислар, «Камолот» фаоллари, маънавият тарғиботчилари иштирокида ўтказилаётган машғулотлар ўқувчиларга узлуксиз таълимга оид ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, миллий анъана ва қадриятлар, оила, жамият, Ватан олдидаги бурч ва масъулиятни янада теран англаш имконини бермоқда.
Кўрик-танловда иштирокчиларнинг сиёсий, ахлоқий, тиббий-гигиеник билимлари синовдан ўтказилди. Айни пайтда тўгарак аъзоларининг ўз тенгдошлари қалбида ватанпарварлик, юрт тақдири учун дахлдорлик, огоҳлик ва ҳушёрлик туйғусини тарбиялаш, уларда ўқишга бўлган қизиқишни кучайтириш, 12 йиллик узлуксиз таълимнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, хонадони ва маҳалласини озода сақлаш каби амалий ишлари атрофлича таҳлил этилди.
Танлов якунида ғолиб жамоаларга сертификат ва совғалар топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.
Манба: ЎзА