Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг туризм соҳаси вакилларига!
2020-09-02 | Туризм
Ҳурматли гидлар, туроператорлар, турагентлар, отельерлар, йўл бўйи инфратузилма ва транспорт компаниялари вакиллари, HoReCa, ўлкашунослар, тарихчилар, археологлар, нодавлат сектор вакиллари ҳамда туризм ва меҳмондўстлик соҳаси билан боғлиқ бўлган барча кишилар!
Сизни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси номидан ва ўз номимдан Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз.
Сўнгги йилларда туризм соҳаси томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Туризм соҳаси вакиллари ички ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича чораларни кўришмоқда, биринчи навбатда, мамлакатимиз ҳудудларидаги туризм инфратузилмасини яхшилашга доир фаол ишлар олиб борилмоқда.
COVID-19 билан боғлиқ глобал пандемия ва ундан кейин туризм саноатида юз берган бутунжаҳон инқироздан олдин бизнинг юртимизга ташриф буюришни истаган сайёҳлар оқими катталиги туфайли Ўзбекистон меҳмондўстлик саноати жойлар етишмаслиги ва транспорт хизматларини кўрсатишда қийинчиликларга дуч келди. 2020 йилда 8 миллионга яқин чет эллик меҳмонлар келиши кутилган эди. Афсуски, бу бутун дунёда ва мамлакатимизда туризмнинг тўхтаб қолиши ва вақтинчалик ишсизликка олиб келди.
Умид қиламизки, тез орада коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқироз чекинади ва мамлакатимизда туризмни ривожлантириш йўлида режалаштирилган марралар, жумладан, 2025 йилгача 10 миллиондан ортиқ чет эллик меҳмонни қабул қилиш бўйича кўрсаткичга эришишга оид ишлар бошланади.
Ўзбекистондаги туризм соҳаси вакилларидан сабр-матонат ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан глобал рақобатга тайёргарлик кўришларини сўрайман! Бирдамликда биз барчасига эришишимиз мумкин!
Бизнинг олдимизда янги иш ўринлари, туризмнинг янги турларини яратиш, туристик хизматларни диверсификация қилиш, монетизациялаш билан боғлиқ катта вазифалар турибди. Бу эса, шубҳасиз, мамлакатимиздаги аҳоли фаровонлиги даражасининг ошишига туртки беради.
Айни пайтда биз бор кучимизни ички ва маҳаллий туризмни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак. Хорижлик сайёҳларни жалб қилиш мамлакатимизда саёҳат хавфсизлиги шароитларининг яратилиши билан боғлиқ бўлади.
Муваффақият Ватанимиз равнақи йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ бўлади.
Биз гувоҳи бўлган туризм соҳасидаги ислоҳотларнинг динамикаси ва сўнгги йилларда эришилган ютуқлар буни исботлади.
Барчамиз бирга Ўзбекистоннинг тез орада туризм йўналишида дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айланишига бор ҳиссамизни қўшамиз.
Ўзбекистон сайёҳлик саноатининг барча вакилларига Мустақиллик куни муборак бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги