Ҳинд экспертлари: Ўзбекистон Президентининг самарали ташқи сиёсати минтақа халқлари фаровонлигига хизмат қилмоқда
Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг “Tillotoma Foundation” илмий тадбирлар ташкил этишга ихтисослашган ташкилоти билан ҳамкорликда Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистон ривожланиш стратегияси” мавзусида вебинар ўтказилди.
Вебинар аввалида дипломатик ваколатхона раҳбари Дилшод Аҳатов Ўзбекистоннинг истиқлолга эришиш тарихи, мустақил ривожланиш йўли ва сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, пандемия шароитида мамлакат иқтисодий салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлади.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
“Tillotoma Foundation” ташкилоти директори Сохам Дас Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Ҳиндистон билан дўстона муносабатлар ўрнатгани, икки мамлакат ҳудудида биринчилардан бўлиб дипломатик ваколатхоналар очилгани ва олий даражали ўзаро ташрифлар йўлга қўйилганини таъкидлади. С.Дас, шунингдек, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон хорижий давлатлар, жумладан, Ҳиндистон инвесторлари учун истиқболли манзилга айлангани, чет эл сармоялари ҳажми ўсиши аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилаётганини қайд этди.
Ҳиндистоннинг йирик тадқиқот марказларидан бири “Vivekananda International Foundation”нинг Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассиси Правеш Гупта Ўзбекистон минтақавий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари хусусида сўз юритди. Эксперт фикрига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан илгари сурилган қатор долзарб ташаббуслар ва амалий қадамлар натижасида минтақада ўзаро ишонч ва дўстлик муҳити шаклланди.
П.Гупта Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича ташқи сиёсатини ижобий баҳолаб, сўнгги йилларда ўзаро муносабатлар ҳар томонлама ривожлангани, Ўзбекистоннинг афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган барча халқаро платформалардаги фаол иштирокини алоҳида қайд этди. “2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ушбу мамлакатда тинчликка эришиш йўлида муҳим бурилиш ясади”, – дея таъкидлади ҳинд таҳлилчиси.
П.Гупта сўзи якунида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Марказий Осиё мамлакатлари билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган самарали ташқи сиёсат минтақа иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва барча халқлар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганини қайд этди.
Шарда университетининг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Ашок Даряни мамлакатимизда фаолият юритаётган олий ўқув юртининг вакили сифатида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар бўйича ўз фикрларини билдирди. У олиб борилаётган қенг қамровли ислоҳотлар қатори таълим соҳасидаги ўзгаришларга тўхталиб, Андижонда Шарда университети филиалини очиш жараёнида мамлакатимиз томонидан кўрсатилган амалий кўмак, илиқ ва самимий муносабат ҳамда хорижий инвесторлар фаолиятига нисбатан жойлардаги хайриҳохлик туфайли филиал самарали иш бошлаганини қайд этди.
Ҳиндистон саноат конфедерацияси ҳудудий департаменти директори Маниш Мохан Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ва ижтимоий соҳаларда Буюк ипак йўли ва ҳатто ундан аввалги даврлардаёқ алоқалар ўрнатилгани, ушбу муносабатлар Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг янада кенгайиб бораётганини қайд этди.
Ҳиндистонда қайта тикланадиган энергия тармоғи, хусусан, қуёш ва шамол энергияларидан фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишларни эътиборга олиб, М.Мохан Ҳиндистон саноат конфедерацияси ушбу йўналишларда ўзбекистонлик тадбиркорлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
У ўз сўзида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида инвестиция соҳасида кенг кўламли ҳамкорлик имкониятлари мавжудлиги ҳамда савдо-сотиқни фаоллаштириш механизмини яратиш зарурлигини таъкидлаб, бу борада самарали келишувларга эришиш учун ҳар икки мамлакат тадбиркорларини яқиндан ҳамкорликда ишлашга чорлади.
Тадбир якунида Ўзбекистоннинг "Ҳавас" эстрада гуруҳи ва Ҳиндистоннинг Ассам штати санъаткорлари ижросидаги концерт дастури вебинар иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди.
Манба: ЎзА