Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ўрганилди

2020-08-31 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиб чиқди.

Жойларга чиқиш давомида лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммолар кўриб чиқилди ва уларни ҳал қилиш бўйича аниқ муддатлар ва ижрочилар белгиланган ҳолда чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ишга тушириш босқичида бўлган объектларнинг ҳолати ўрганилиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ишчи гуруҳ раҳбарияти бир қатор лойиҳаларнинг бориши билан бевосита танишди. Хусусан, Сардоба туманида пахта-тўқимачилик қайта ишлаш заводи ва логистика марказидан ташкил топган “Indorama Agro” пахта-тўқимачилик кластерига ташриф буюрилди. Айни пайтда 13 гектар майдонга эга завод ҳудудида қурилиш-тиклаш ишлари олиб борилиб, технологик ускуналарини ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда. Логистика маркази жойлашадиган майдонда ҳудудни тайёрлаш ишлари якунланиб, темир-бетон ва металл конструкцияларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Корхонада 120 га яқин мутахассис-муҳандислар ишлайди ва махсус техникадан фойдаланилмоқда. Ушбу лойиҳани амалга ошириш йилига 35,2 млрд сўмлик маҳсулотни ишлаб чиқариш ва 250 янги иш ўринларини яратиш имконини беради. Шунингдек, 60 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.

Бошқалар қаторида Сардоба туманида жойлашган “Sardoba Oqsaroy Textile” тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига ҳам ташриф буюрилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 35,3 млрд сўм бўлгани билан унинг йиллик ишлаб чиқариш унумдорлиги 1,4 млн дона тайёр маҳсулотни ташкил этади ва иш ўринларининг сони 500 дан ошади. Мазкур лойиҳа жорий йилнинг сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган.

Мирзаобод туманида жорий йилнинг июнь ойида барпо этилиши бошланган “Mirzaobod Limonchilik Clasteri” корхонасида ҳам ҳозирги кунда қурилиш ишлари якунланиб, иссиқхона ускуналарини ўрнатиш ва бир вақтнинг ўзида муҳандислик коммуникацияларига уланиш ишлари фаол олиб борилмоқда. Умумий қиймати 30,3 млрд сўмлик иссиқхона мажмуаси йилига 2 млн донадан ортиқ тайёр маҳсулот етиштириш имконини беради. Мажмуа 2500 квадрат метр майдонга эга иссиқхоналарга бўлинган бўлиб, улар кооперация тамойиллари асосида маҳаллий аҳолига фойдаланишга берилади: маҳаллий аҳоли экинларни етиштириш билан шуғулланади, корхона эса маҳсулот буюртмачиси бўлиб, ҳосил ўрим-йиғимини амалга оширади. Ушбу мажмуа ҳам жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилади.

Бу корхоналар Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатларидан зарар кўрган аҳоли учун мўлжаллаб қурилаётган уйларнинг яқин атрофида жойлашган ва биринчи навбатда ушбу аҳоли вакилларини, шу жумладан касаначилик асосида иш билан таъминлашга йўналтирилган.

Ушбу ва бошқа жойларда лойиҳа ташаббускорлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали юзага келаётган масалалар, шунингдек, тадбиркорлар томонидан ташкил этилаётган корхоналар фаолиятини такомиллаштириш, чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, истиқболли экспорт бозорларига чиқиш ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш механизмлари бўйича уларнинг таклифлари ва ғоялари ўрганилди.

Иш сафари якунлари бўйича вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органларининг масъул раҳбарларига кучларни бирлаштириш ва лойиҳалар имплементацияси жараёнининг доимий мониторингини олиб бориш ҳамда ташаббускорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали ушбу туманларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишини жадаллаштириш доирасида ишларни мувофиқлаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться