Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистондаги JICA ваколатхонасининг янги раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
2020-08-31 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонасининг янги тайинланган раҳбари С.Миязаки ва 2018 йилдан буён ушбу лавозимда фаолият юритиб келган М.Такасака билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида жорий ҳамкорлик масалалари ва Ўзбекистонда JICA лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Хусусан, маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини юксалтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва биринчи ўринда қишлоқ жойларида аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган “Мева-сабзавотчилик соҳасида қўшимча қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида келгусида биргаликда амалга ошириладиган тадбирлар режалаштирилди.
Ўзбекистон томони М.Такасакага икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ҳиссаси учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. Шу ўринда, 2019 йилнинг декабрь ойида JICA билан умумий қиймати 3,5 млрд долларга тенг бўлган Ҳамкорлик дастури имзоланганлиги муҳим ютуқ бўлди. Ушбу дастур ўрта муддатларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун асос ҳисобланади.
Учрашув якуни бўйича JICA ваколатхонасининг Ўзбекистондаги янги раҳбари билан олдин бошланган ташаббусларни жадал амалга оширишни ҳамда янги истиқболли йўналишларни қамраб олиб, ҳамкорлик кўламини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда икки томонлама шерикликнинг юқори даражасини сақлаб қолиш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун: М.Такасака JICAнинг Ўзбекистондаги Бош вакили сифатида фаолиятини шу йилнинг август ойида якунлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги