Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Хельсинки+45: ЕХҲТнинг барча 57 иштирокчи давлатлари учун Ўзбекистон мисолида ҳозирги босқичдаги мажбуриятларнинг долзарблиги” мавзусидаги онлайн конференция тўғрисида
2020-08-29 | Сиёсат
2020 йилнинг 28 август куни Хелсинки Якуний акти имзоланганининг 45 йиллигига бағишланган “Хельсинки+45: ЕХҲТнинг барча 57 иштирокчи давлатлари учун Ўзбекистон мисолида ҳозирги босқичдаги мажбуриятларнинг долзарблиги” мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси томонидан ташкиллаштирилди.
Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Танзила Нарбаева, ЕХҲТ амалдаги раиси, Албания Бош вазири, Европа ва ташқи ишлар вазири Эди Рама, ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи, ЕХҲТнинг низоларнинг олдини олиш маркази директори Туула Юрьёла нутқ сўзладилар.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов, мамлакатимиздаги ЕХҲТ лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган вазирлик ва идоралари раҳбарияти, ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Джон МакГрегор ва Ташкилот таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида Хельсинки Якуний актининг замонавий дунёдаги аҳамияти ҳамда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида маърузалар тингланди.
Видеофорум иштирокчиларига мамлакатимизда очиқ ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, асосий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган натижалар ҳамда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хельсинки Якуний актининг иштирокчиси бўлган Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида ушбу халқаро ҳужжатнинг барча асосий тамойилларига амал қилади ҳамда ривожланиш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик масалаларини ажралмас ва ўзаро боғлиқ деб ҳисоблайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги