Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ижодий изланиш йўлида

2020-08-28 | Маданият

Жасвантбек Анназаров Ўзбекистон Бадиий академиясининг лойиҳалари, ранг-баранг кўргазмаларида, Тасвирий ва амалий санъат фестивалларида доим фаол қатнашади. Ижоддан, изланишдан тўхтамайди.

1987 йили Урганчда таваллуд топган Жасвантбекнинг отаси мусаввир, онаси кутубхонада зиё тарқатган. Санъат йўналишидаги лицейни тамомлаган Жасвантбек Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсилни давом эттирди. Ҳайкалтарошлик сирларини дастлаб отаси, кейинчалик рассом Солий Қодиров, Ўзбекистон халқ рассоми, раҳматли ижодкор Равшан Миртожиевдан ўрганди. Моҳир мусаввир-ҳайкалтарош устахонасида биргаликда излангани, ижод қилгани Жасвантбек учун фақат катта маҳорат сабоғи бўлди.
 
У ижоднинг дастлабки йўлида "Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?" ижодий танловида биринчи ўринга муносиб топилди. Ўзбекистон рассомларининг 2007 йилда Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўтказилган кўргазмасида муваффақиятли қатнашди. 2009 йилда Москвада бўлиб ўтган МДҲ мамлакатларининг ҳайкалтарошлари симпозиумида иштирок этди.
 
Ижодкор Жиззахда атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов сиймоси акс ҳайкали, Бухоро билан Франциянинг Рюэй Мальмезон шаҳри ўртасидаги дўстлик, биродарлик рамзи сифатида мазкур олис кентда ўрнатилган Ибн Сино бобомиз ҳайкалининг муаллифи. Яқиндагина пойтахтимизда қад ростлаган "Ғалаба боғи"даги "Мангу жасорат", "Адиблар хиёбони"да гавдалантирилган бир қатор ижодкорлар сиймоси Ж.Анназаровга тааллуқли. Ҳайкалтарош 2018 йилда "Шуҳрат" медалига муносиб топилди.
 
Президентимизнинг жорий йил 27 авгусдаги "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига кўра Тошкент шаҳридаги "TIART" масъулияти чекланган жамияти ҳайкалтарошлик корхонаси директори, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Жасвантбек Анназаров Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми фахрий унвонига муносиб топилди.
 
– Кутмагандим, – деди ҳайкалтарош мулоҳазакорлик билан. – Оиламиз билан бундай юксак эъзоз ва эътибордан мамнун бўлдик. Буларнинг барчаси ҳали кўп изланишга, ишлашга, янги асарлар яратишга зўр илҳом беради.
 
 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться