Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Масофавий таълимдаги халқаро ҳамкорлик
2020-08-28 | Маданият
Озарбайжон давлат маданият ва санъат университети раҳбарияти таклифига биноан, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти иштирокида “Ижодий олий таълим муассасаларида масофавий ўқитишдаги долзарб муаммолар” мавзусида вебинар бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро онлайн анжуманда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошев,Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, санъатшунослик фанлари номзоди, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотининг маданият ва санъат таълими бўйича Жамоатчилик Кенгаши аъзоси Темур Рашидов, институтнинг профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан қатнашди. Учрашувда таълим тизимидаги ижодий жараёнларга инновацион усуллар ва замонавий технологияларни жорий қилиш орқали унинг сифатини янада ошириш, таълим жараёнларини такомиллаштириш сингари қатор долзарб масалалар борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон сингари 10 га яқин давлатларнинг олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ўтказилган халқаро анжуман доирасида бугунги эпидемиологик вазиятда ўзаро тажриба алмашиш орқали самарадорликка эришиш каби жиҳатлар ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирги пандемия шароитида тизимга замонавий технологияларни жорий этиш, масофавий дарс ўтишда янгича ёндашув халқаро амалиётга интеграциялашувда муҳим ўрин тутади. Учрашувда келгусида ҳам шу каби онлайн тренинг, халқаро семинарларни ташкил этишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги