Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллатлараро тотувлик – миллий юксалиш гарови
2020-08-28 | Жамият
Бизнинг энг катта бойлигимиз аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, юртимиздаги ўзаро меҳр-оқибат, дўстлик, бағрикенглик муҳитидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида бўлиб ўтган “Миллатлараро тотувлик миллий юксалиш гаровидир” мавзусидаги давра суҳбатида иштирокчилар томонидан бу борадаги ютуқлар яна бир карра эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирга миллий маданий марказларнинг фаоллари, олимлар, маънавият тарғиботчилари таклиф этилди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов истиқлол йилларида миллий ва диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Бу борада юритилаётган узоқни кўзловчи, одилона сиёсат самарасида мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ягона ва аҳил оила фарзандларидек яшаб, Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Миллий маданий марказлар фаолиятига кўрсатилаётган эътибор уларнинг муваффақиятли иш олиб бориши учун зарур барча шароитнинг яратилаётганида ҳам намоён бўлмоқда, – деди Ўзбекистондаги Туркман миллий маданий маркази раҳбари ўринбосари Гулдона Авездурдиева. – Жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида меҳнат қилиш, тинимсиз изланиш бизнинг бурчимиздир.
Бугунги мураккаб пандемия шароитига қарамай, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси дўстликни, истиқлолни, ватанпарварликни тараннум этувчи онлайн тадбирлар, фестиваллар, ижодий мулоқотларни мунтазам ўтказмоқда.
Тадбирда миллий маданий марказларнинг келгусидаги фаолият режалари белгилаб олинди.
Н.УСМОНОВА, ЎзА
Манба: ЎзА