Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбекистонда мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш” мавзусида Бухоро вилоятида видеоконференцалоқа шаклида ўқув-тренинг ташкил этилди
2020-08-27 | Жамият
Муносиб меҳнат тушунчаси орқали меҳнат соҳасидаги халқаро меъёр ва тамойиллар, ходимлар ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш, давлат органлари, иш берувчилар ташкилотлари ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган тамойилларга асосланади.
Ҳозирда Халқаро меҳнат ташкилотининг яна 4 та конвенциясини ратификация қилиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликдаги энг муҳим ютуқлар қаторида ХМТнинг 144-сонли конвенцияси, яъни уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Касаба уюшмалари федерацияси» Конвенциясининг ратификация қилинишидир.
Бугун Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Бюроси экспертлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари марказий аппарати иштирокида “Ўзбекистонда мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш” мавзусида Бухоро вилоятида видеоконференцалоқа шаклида ўқув-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда, асосан, муҳим масалаларга, яъни пахта йиғим-терими ишларини фақатгина пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан жойлардаги жамоат ташкилотлари кўмаги асосида амалга оширилишини таъминлаш, ушбу ишларга маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари аралашувининг олдини олишга эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. Мазкур видеоконференцалоқа шаклидаги ўқув машғулотлар вилоятлар бўйлаб ҳам ўз ишини давом эттиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги