Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юртимизга туркиялик мутахассисларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди
2020-08-27 | Жамият
Куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТIKA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жемалеттин Туней ўртасида Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда ҳамкорлик меморандумини имзолаш масалаларига бағишланган расмий учрашув бўлиб ўтди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик доирасида туркиялик мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш орқали паррандачилик, сутчилик, пазандачилик, асаларичилик, замонавий АКТ, касаначиликни ривожлантириш лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш таклифи атрофлича муҳокама этилди.
Шунингдек, Туркияда ҳам юртимиздаги каби маҳалла (muhtarlik) институти мавжудлигини инобатга олиб, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашишга қаратилган лойиҳаларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш белгилаб олинди.
Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жемалеттин Туней таъкидлаганидек, амалга оширилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳалар юртимиздаги кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлайдиган хайрли ташаббуслардан бири сифатида муҳим аҳамиятга эгадир.
Учрашув сўнггида томонларнинг ўзаро келишувига кўра ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазирлиги Матбуот хизмати