Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бангкок шаҳрида ЭСКАТОнинг 7- сессияси бошланди
2020-08-27 | Жамият
Жорий йил 26 август куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО)нинг 7- сессияси бошланди. Ушбу халқаро вебинарда Давлат статистика қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур онлайн кўринишдаги тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад - ЭСКАТОга аъзо мамлакатларда расмий статистикани ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, минтақалардаги миллий статистика идоралари учун халқаро стандартларга мос маълумотларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва таҳлил қилиш кўникмасини оширишдан иборат.
Шу йил 26-28 август кунлари бўлиб ўтадиган ушбу тадбирда Осиё ва Тинч океани минтақасидаги 50 мамлакатдан делегатлар сўзга чиқади. Улар 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби учун расмий статистикани такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқади.
Муҳокамалар жараёнида статистика идораларининг ташаббуслари ўрганилиб, интеграциялашган статистика, маълумотларни таҳлил қилиш, расмий статистикани модернизация қилиш ҳамда маълумотлардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича тажриба алмашилади.
Шунингдек, ташаббусларни амалга ошириш мониторингини муҳокама қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш ва аҳолининг табиий ҳаракати статистикаси ва кун тартиби каби масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаси ўрганилади.
Давлат статистика қўмитаси вакиллари ҳам ЭСКАТОнинг 7- сессияси якунлари бўйича минтақада миллий статистика тизимларининг ролини ошириш ва расмий статистикани такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбир ва тавсиялар ишлаб чиқади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги