Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мактабгача таълим ташкилотларини баҳолаш тизими ва мезонлари масалаларига бағишланган вебинарни
2020-08-27 | Таълим
Жорий йилнинг 26 август куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Мактабгача таълим вазирлиги ва ЮНИСЕФ болалар ташкилоти билан ҳамкорликда “Таълим сифатини таъминлаш ва баҳолаш тизими: замонавий ёндашув ва янги талаблар” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.
Видеоконференция форматида ўтказилган тадбирда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, таълим соҳаси бўйича халқаро маслаҳатчи Мажена Рафалска, инспекциянинг ҳудудий бўлими бошлиқлари ҳамда барча туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларининг таълим-тарбия сифатини таъминлаш ва методик хизматни ташкил этиш шўба мудирлари иштирок этишди.
Семинар давомида мактабгача таълим ташкилотларини ички баҳолаш ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиблари бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, таълим сифатини баҳолаш тартиби ва аккредитациялашнинг янги институционал тизими, таълим сифатини баҳолаш мезонлари, уларнинг мазмуни ҳамда мактабгача таълим ташкилотларини аккредитациялаш жараёни ҳақида ҳам батафсил маʼлумотлар берилди.
Семинарда халқаро экспертлар пандемия шароитида таълим сифатини таъминлаш бўйича хориж тажрибаси ҳақидаги ўз фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.
Шунингдек, Таълим инспекцияси томонидан таълим сифатини таъминлаш ва баҳолаш бўйича яратилган рақамли технологиялар, услубий қўлланмалар ва баҳолаш воситаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу услубий қўлланма ва рақамли технологиялар пандемия шароитида таълим-тарбия сифатини онлайн мониторинг қилиш, ота-оналар билан фаол мулоқотни ушлаб туриш ҳамда тарбиячилар учун таълим сифатини таъминлашда ўрни муҳимлиги иштирокчилар томонидан эʼтироф этилди ва янги ўқув йилини бошлаш учун зарурлиги таъкидланди.
Таъкидланишича, пандемия шароитидан келиб чиқиб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўз фаолиятини мамлакатимиз аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар доирасида амалга оширмоқда. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларининг аттестацияси ва давлат аккредитациясини мониторинг қилиш онлайн тарзда йўлга қўйилган.
Шунингдек, семинарда мактабгача таълим ташкилотларини давлат аккредитациясидан ўтказиш якунлари бўйича тайёрланадиган ҳужжатларни расмийлаштириш, ташкилотлар аккредитациясига тайёргарлик кўришда таълим сифатини оширишнинг омиллари бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Семинар ўз ишини 27 август куни давом эттиради.