Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мажбурий меҳнатнинг олдини олишга бағишланган онлайн ўқув вебинарлари ташкил этилди
2020-08-27 | Жамият
Жорий йилнинг 20–26 август кунлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда “Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш” ҳамда "Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда қонун ҳужжатларида белгиланган талаблари” мавзуларига оид онлайн ўқув вебинарлари ташкил этилди.
Республикамизнинг барча ҳудудларидаги Давлат меҳнат инспекцияси, Адлия бошқармалари ва Касаба уюшмалари федерацияси ходимлари иштирокида ўтказилган бу тадбирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда қонунчиликни қўллаш амалиёти, шу билан бирга фактик маълумотларнинг ва ҳуқуқбузарликнинг асл моҳиятини кўрсатиб берувчи асосларнинг мавжудлигига эътибор бериш тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.
2019 йил давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида қабул қилинган қарорлар ҳолати ва бошқа низоли вазиятларнинг қонуний ечимлари амалий мисоллар билан таҳлил қилинди ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси ходимларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш юзасидан тегишли тушунтиришлар бериб ўтилди.
Онлайн семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар борасида фикрлар алмашишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги