Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иш ҳақи ва иш стажини тасдиқловчи архив маълумотномаларни олиш соддалаштирилди
2020-08-26 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4463-сон қарорига мувофиқ ҳамда архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматарини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 августдаги “Архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 495-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Эндиликда, иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномаларни олишда Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) томонидан амалга оширилади.
Унинг учун ариза берувчи мазкур давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида, ЯИДХП орқали мурожаат этганда автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.
Давлат архиви сўровнома келиб тушган вақтдан бошлаб иш стажини тасдиқлашга оид маълумотномалар учун — 5 иш кунидан, иш ҳақини тасдиқлашга оид маълумотномалар учун — 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли Давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.
Давлат хизматлари марказидан маълумотнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда унинг сўровига кўра Давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.
Шунингдек, пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилашда архив маълумотларини тақдим этмасдан:
2005 — 2016 йиллар даври учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;
2016 — 2018 йиллар даври учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;
2019 йил учун фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади.
Қабул қилинган қарор, Ҳукуматимизнинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган қатламига бўлган доимий эътиборнинг яққол ифодасидир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси