Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республикада «Бўш иш ўринлари» меҳнат ярмаркалари орқали аҳоли иш билан таъминланди
2020-08-26 | Жамият
Ишсизлик – дунёнинг глобал муаммоларидан биридир. Мазкур масаланинг ечими доим дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб келган. Шу жумладан Ҳукумат, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади.
Ишсизликка қарши курашишда турлича ёндашувлар мавжуд. Шулардан бири меҳнат ярмаркаларига аҳолини жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашдир.
Қайд этиш жоизки, инсониятга хавф солиб келаётган пандемия сабабли жорий этилган карантин ва чекловлар ишсизлик даражасининг ошишига олиб келди. Бироқ шу шароитда янги иш ўринларини яратиш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ижросини кўрсатади.
Ўтган давр мобайнида республика бўйича 447 та «Бўш иш ўринлари» меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Бўш иш ўринлари ярмаркаларида 17 633 та корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд 146 858 та вакант иш ўринлари билан иштирок этди. Мазкур ярмаркаларда 44 652 нафар фуқаролар, хусусан, 23 141 нафар ёшлар, 20 691 нафар аёллар 9 438 нафар таълим муассасалари битирувчилари, 133 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек жазони ўташ муассасаларидан жазони ўтаб қайтганлардан 352 та, 2 315 нафар чет элдан қайтган ёки кетиш истагини билдирган фуқаролар қатнашди.
Ўтказилган ярмаркалар орқали 12 597 нафар фуқароларга доимий ишга жойлашиш, 2486 нафар фуқароларга жамоат ишларига қатнашиш, 841 нафар фуқароларга касбга тайёрлашга йўналтириш учун йўлланмалар тақдим этилди. Шунингдек, 28 728 нафар фуқароларга бандлик ва меҳнат муносабатларига оид маслаҳатлар берилди. Ундан ташқари жазони ўтаб қайтган 57 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш орқали оиладаги шароитни яхшилаш, ундан ташқари, тадбиркорликка жалб этиш юзасидан вазирлик томонидан тизимли ишлар давом эттириб келинмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги