Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Божхона аудити” – яширин иқтисодиётни қисқартириш ва олдини олишга хизмат қилади

2020-08-26 | Иқтисодиёт

Давлат божхона қўмитаси томонидан мамлакатда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, контрабанда предметларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган анжуманда таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 5 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилган. Натижада, 154,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Қонун бузилиши ҳолатлари бўйича жами 102,2 миллиард сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ундиришга қаратилган.

– Аниқланган ҳолатлар юзасидан 265 жиноят иши қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 4 минг 517 ҳолатда ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий иш юритилган, – деди Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов. 
 
– Шу билан бирга, ҳисобот даврида 31,1 килограмм ва 2 минг 140 туп гиёҳвандлик воситаси, 19 дона қурол, 57 дона ўқ, 239,8 минг дона психотроп таблетка, 10 миллиард сўмлик тиббиёт буюмлари ва дори воситалари, 31,7 килограмм тилла ва кумуш маҳсулотлари, қимматбаҳо металлар ва тошлар, 24,4 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари, 1,5 миллиард сўмлик ноқонуний валюта қимматликларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасининг олди олинди.
 
Чегара ҳудудлари орқали республика ҳудудига ноқонуний олиб кирилган маҳсулотларни вақтинча сақлашга мўлжалланган "яма"ларни аниқлаш борасида амалга оширилган тадбирлар давомида 85 ҳолатда 7,9 миллиард сўмлик ноқонуний маҳсулотлар фош этилди.   

Мамлакат ички ҳудудида тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан, сифати кафолатланмаган қўлбола маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин цехлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 5 ҳолатда 419,1 миллион сўмлик маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, “рақамли божхона” тамойили асосида божхона постлари фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.   

Бу эса товар ва транспорт воситаларининг ялпи божхона назоратидан ўтказишдан воз кечган ҳолда божхона қонунбузилишларини аниқлаш самарадорлигини оширишга олиб келади. Энг муҳими, бу жараёнларда инсон омили сезиларли равишда қисқаради. 
 
Анжуманда 2021 йил 1 январдан эътиборан жорий этиладиган “Божхона аудити” ахборот тизими юзасидан ҳам сўз юритилди. Мазкур тизимнинг ишга туширилиши “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш ва тадбиркорларга қулайлик яратишда муҳим аҳамиятга эга.   

Маълумки, божхона хизмати органларига божхона назорати шакли сифатида маҳсулотлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси ишини баҳолаш ҳамда уларнинг маҳсулотлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юкланди.   

Эндиликда эркин муомалага чиқарилган маҳсулотлар доирасида божхона назоратидан кейинги текширувни амалга ошириш учун “Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

Таъкидлаш жоизки, божхона аудити АҚШ, Россия, Канада, Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Ғарбий Европа мамлакатлари божхона тизими амалиётида кенг қўлланилиб келинмоқда.
 
Божхона тизимида ҳам мазкур амалиётнинг жорий этилиши натижасида юкларни ялпи божхона назоратидан ўтказишга асосланган текширишлардан буткул воз кечилади. Яъни, “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “кўк йўлак”ка йўналтирилган ҳамда шартли равишда эркин муомалага чиқарилган маҳсулотлар устидан самарали назорат амалга оширилади.   

Ўз ўрнида маҳсулотлар чиқариб юборилганидан кейин, хавф принциплари доирасида уларни комплекс текшириш имкониятининг мавжудлиги, маҳсулотларни божхона чегарасига кириб келиши ва божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнидаги назорат тадбирларини қисқартиришга олиб келади.

Эндиликда тадбиркор томонидан импорт қилинган маҳсулотлар автоматлаштирилган дастур орқали расмийлаштирилиб, инсон аралашувисиз қисқа фурсатда чиқариб юборилади. Кейинчалик “Божхона аудити” дастури таҳлил усуллари орқали хавф объектини танлаб олиб, текшириб кўриш юзасидан топшириқ беради. 

Бу эса ҳалол тадбиркорларга кенг имкониятлар бериб, маҳсулотларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни қисқартиради. Аксинча, қонунчилик талабларини бузишга уринган тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўлақонли божхона назоратини назарда тутади. Бу эса ўз ўрнида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш ва олдини олишга хизмат қилади.
 

Хуршид ҚОДИРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться