Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вилоят ҳокими Ҳисор тоғ тизмалари этагида жойлашган чегара қишлоқда бўлди
2020-08-25 | Жамият
Шаҳрисабз туманининг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош қисмида жойлашган Кўл қишлоғи Ҳожиак ва Ҳазрати Султон тоғлари ўртасида жойлашган бўлиб, илгари кўл бўлган. Қишлоқ номи шунинг учун ҳам Кўл деб номланган.
Вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ДХХ, Милиий гвардия, Фавқулотда вазиятлар бошқармаси, Божхона бошқармаси, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди, Халқ қабулхонаси раҳбарлари ушбу чегара қишлоқ аҳолиси билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган асосий муаммолар билан қизиқди.
- Энг асосий муаммо қиш ойларида шаҳар марказига етказадиган йўл ва тиббий хизмат кўрсатиш эканини олдиндан ОАВларда ҳам ўқиб, тегишли режаларни тузиб олганман. Яқинда Кўл ва Китоб туманидаги Шут қишлоқлари учун йўл танламас тез ёрдам машиналари олиб келмоқдамиз. Бундан ташқари яна қандай муаммоларингиз бор?, - дея юзланди халқона оҳангда вилоят ҳокими.
Қишлоқ аҳли тиббиёт, таълим ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга доир бир қатор муаммо ва таклифларини берди. Барча муаммо ва таклифлар бажарилишини вилоят раҳбари ўз назоратига оладиган бўлди.
Шундан сўнг қишлоқдан 18 километр узоқликда жойлашган Ҳазрати Султон зиёратгоҳига ҳам борилиб, Яратгандан халқимиз ва дунё халқларини кoронавирус балосидан асраш, ҳар бир соҳа ривожи ҳамда халқимиз розилиги йўлида одилона сиёсат олиб бораётган Юртбошимизга куч-қувват, сиҳат-саломатлик сўралди.
Шунингдек, раҳбарлар ҳарбий хизматчилар учун қурилаётган хизмат уйлари билан танишди. Чегара постлари ва ҳарбий қисмларда бўлиб, мард ўғлонларимизни мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан табриклаб, совға-саломлар улашди.
Аҳоли томонидан чегарачиларга, шунингдек, яқинда қишлоққа келиб бир қатор муаммоларини ҳал қилиб берган ДХХ раиси Абдусалом Азизовга миннатдорчилик билдирилди.
Маълумот ўрнида, ўтган йилги қиш мавсумидаги қийинчиликлар такрорланмаслиги учун қишлоққа бульдозер олиб берилган бўлса, алоҳида маблағ ажратилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказиб берилди. Маҳаллада қурилиши бошланган маҳалла биноси ёнида халқ кутубхонаси қурилиши ҳам қиш мавсумига қадар охирига етказилади. Ушбу кутубхонага аҳоли талабидан келиб чиқиб, ҳокимлик хисобидан қўшимча 10 миллион сўмлик тожик тилидаги бадиий асарлар тўплами олиб келинади.
Шунингдек, картошкачиликни ривожлантириш мақсадида ҳозир экиладиган 60 гектарни 3000 гектаргача кўпайтириш учун сув келтириш бўйича лойиҳа ташкилотлари ишни бошлайди ва бу орқали қишлоқ аҳолиси даромадлари ошади, ишсизлик бўлмайди.
Аҳрор Содиқов,
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари
Манба: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги