Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гид ва экскурсиячиларга малака гувоҳномаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
2020-08-25 | Туризм
"Гидлар (гид-таржимонлар), экскурсиячилар ва ҳамроҳ-йўриқчиларга малака гувоҳномаларини бериш тартиби тўғрисида низом" тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги "Ўзбекистон Республикасида туризм саноатини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 433-сонли қарорида шу ҳақида маълум қилинган.
Ушбу Низом, гидлар (гид-таржимонлар), экскурсиячи ва ҳамроҳ-йўриқчилар учун малака имтиҳонини ўтказиш ҳамда малака сертификати ва бейжикларини бериш тартибини белгилайди.
Низомда малака сертификати ва бейжикларини олишни истаган даъвогарлар учун малака талаблари, шунингдек муайян тоифани бериш тартиби белгилаб қўйилган. Малакавий имтиҳон икки босқичда ўтказилади:
1. Махсус автоматлаштирилган тизим ёрдамида тест ўтказиш. Махсус автоматлаштирилган тизим номзод учун тест топшириқларини такрорлаш имкониятини истисно қилади ва тест тугаши биланоқ унинг натижаларини намойиш этади;
2. Оғзаки, намойиш шаклида. Намойиш имтиҳони биринчи марта малака имтиҳонида иштирок этаётган номзодларнинг экскурсия кўникмалари ва материалларни билиш даражасини баҳолаш мақсадида ўтказилади.
Гидлар (гид-таржимонлар), экскурсиячилар ва ҳамроҳ-йўриқчилар малакасини холисона баҳолаш учун малака комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш институтининг масъул ходимлари, тарих, архитектура, диншунослик, тилшунослик соҳасидаги олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар вакиллари ҳамда туризм соҳаси субъектлари, шунингдек олий тоифали гидлар (гид-таржимонлар), экскурсиячи ва ҳамроҳ-йўриқчилар жалб этилади.
Малака имтиҳонини ўтказиш ҳамда малака гувоҳномаси ва бейжигини беришга доир бутун ишлаб чиқариш жараёнларини амалга ошириш учун Туризмни ривожлантириш институти масъул орган ҳисобланади.
Низомда малака сертификатини беришни рад этиш, бекор қилиш ва тўхтатиш шартлари аниқ белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, талабгор малака имтиҳони натижаларидан норози бўлган тақдирда, унга апелляция бериш шартлари ҳам кўзда тутилган.
Мазкур Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади. Низом талабларини бузганликда айбдор деб топилган шахслар Қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги