Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш - Фарғона вилоятида янги форматдаги ўқув-тренинг
2020-08-25 | Жамият
Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган Муносиб меҳнат дастури эркин, адолатли ва хавфсиз меҳнат, ишчининг меҳнатини қадрлаш тамойилларига асосланади.
Халқаро нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида бугунги кунгача Халқаро меҳнат ташкилотининг 17 та конвенцияси ва 1 та баённомаси ратификация қилинган, шулардан 8 таси асос солувчи конвенциялардир.
Бугун Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Бюроси экспертлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари марказий аппарати иштирокида “Ўзбекистонда мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш” мавзусида Фарғона вилоятида видеоконференцалоқа шаклида ўқув-тренинг ташкил этилди. Тадбирни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзаков очиб берди.
Ҳозирда яна Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенциясини ратификация қилиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси раиси Танзила Нарбаева томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, ушбу тренингларни республикамиз бўйлаб давлат ташкилотлари раҳбарлари, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, адлия органлари ходимлари, Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари, Касаба уюшмалари федерацияси вакилларини жалб қилган ҳолда ўтказиш белгиланган.
Бу билан пахта йиғим-терими ишларини фақатгина пахта-текстиль кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан жойлардаги жамоат ташкилотлари кўмаги асосида амалга оширилишини таъминлаш, ушбу ишларга маҳаллий ижро ҳокимияти вакилларининг аралашувини олдини олиш назарда тутилган.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. Ушбу видеоконференцалоқа шаклидаги ўқув машғулотлар вилоятлар бўйлаб ҳам ўз ишини давом эттириши режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги