Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев хорижий давлатлардан қайтган ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятдан чет элга ишлаш мақсадида кетганлар сони 142 минг 546 нафарни ташкил қилади, шундан 16 мингга яқин фуқаро пандемия даврида вилоятга қайтиб келди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқаролар тегишли ташкилотларга бириктирилиб, бизнес режа тузишда кўмаклашиш, кредит расмийлаштириш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Вилоятда 65 турдаги сервис хизматларини бошлаш учун 100 миллиард сўм ажратилганлиги таъкидланиб, кредит ресурслари ажратилишида тадбиркорлик қобилиятига эга фуқароларга устунлик берилиши айтиб ўтилди.
Мулоқот давомида Шерзод Юсупов япон, инглиз ва рус тилларини мукаммал эгаллаганлигини билдирди. Вилоят раҳбари тавсиясига кўра у инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасига ишга қабул қилинди.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА
Манба: ЎзА