Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Италия Элчиси билан учрашув
2020-08-24 | Сиёсат
2020 йилнинг 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Италия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Агостино Пиннани қабул қилди.
Ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилар экан Вазир Элчининг мазкур лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга самарали фаолият тилади.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларни ўтказиш вақти бўйича фикр алмашдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон томони Италия билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу нуқтайи назардан, томонлар аниқ лойиҳаларни, шунингдек, ушбу йўналишда илгари эришилган устувор вазифалар, хусусан, 2019 йил май ойида Римда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг 6-йиғилиши доирасидаги келишувларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Қайд этилганидек, жорий йил 25 август куни очилиш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган Термиз шаҳридаги “Венето” савдо уйи, шубҳасиз, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги