Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиётнинг барча соҳалари, шу жумладан, ижтимоий, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорликни ривожлантириш, экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Нукусда бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг еттинчи сессиясида бу алоҳида таъкидланди.
Сессияда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақанинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича билдирган фикрлари, денгиз картасини қўлига олиб, донор давлатлар билан халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратгани – бу халқимиз томонидан ҳеч қачон унутилмайдиган тарихий воқеалардан саналади. Шунингдек, 2018 йилнинг ноябрь ойида БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди. Мазкур фондга шу куннинг ўзида Хитой, Норвегия, Қатар сингари бир қатор давлатлардан донорлик маблағлар келиб тушгани, буларнинг барчаси Орол муаммосининг чин маънодаги бутунжаҳон муаммоси сифатида тан олинганлигидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида ҳудудда экологик муҳитни яхшилаш ҳамда Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича маҳаллий ижро ҳокимлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, Мўйноқ, Қўнғирот, Тахтакўпир, Қораўзак ҳамда Кегейли туманлари ҳокимларининг экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.
Орол денгизининг қуриган майдонларидан кўтарилаётган тузли қумлар учун “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида ўтган давр мобайнида 1 миллион 167 минг гектардан ортиқ майдонга саксовул, қандим ҳамда чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Ҳар бир ташриф давомида ҳудуд аҳолисига муносиб турмуш шароитини яратиш, бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар ва қулайлик яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича “Қорақалпоғистон тажрибаси” яратилиши ҳамда чекка туманларда тикувчилик корхоналарининг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан Бўзатов, Тахтакўпир, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш ҳамда бу соҳада барча туманларга берилган имтиёзлар асосида жорий йилда 490 миллиард сўмлик 236 та лойиҳани амалга ошириш ва 1582 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ёшлар билан ишлаш бўйича тасдиқланган “Манзилли режа”га киритилган 22 минг 500 нафарга яқин ёшнинг бандлиги таъминланди. Бу борада, ҳар бир тумандан 1 гектарга иссиқхона (парник) қуриш ва “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар натижасида 1500 нафарга яқин ёшнинг бандлиги таъминланиб, ушбу ёшлар деҳқончилик ишларини амалга оширишда ҳар бири 2-3 нафардан ўзининг тенгдошларини жалб қилмоқда.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда чекка ҳудудлар – Мўйноқ, Қонликўл, Бўзатов, Тахтакўпир ва Элликқалъа туманларида тикувчилик корхоналари ишга туширилиб, 1150 та муҳим иш ўрни яратилди. Юқоридагилар қаторида Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 20 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида “Темир дафтар” асосида амалга оширилаётган ишлар сингари “Ёшлар дафтари”ни ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бунда бандлиги таъминланмаган ёшларнинг ҳамда хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириш, уларнинг ҳар бири билан бирма-бир ишлаш ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича муҳим топшириқлар берилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Манба: ЎзА