Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Темир йўл соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида
2020-08-22 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғига биноан Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ энг яхши хорижий консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда мамлакатимиз темир йўл тизимини чуқур ислоҳ қилиш устида ишламоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 20 август куни “Boston Consulting Group” (BCG) компанияси вакиллари билан видеоконференц алоқа шаклида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари в.б И.Махкамов, вазир ўринбосари Д.Деҳқонов ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Х.Хосилов иштирок этди.
Учрашувда томонлар консалтинг хизматларини тақдим этиш бўйича шартнома тузиш масаласини муҳокама қилди. Унга кўра BCG компанияси мавжуд тузилма, иш тизими ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖдаги муаммоли масалаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда мамлакатимиз темир йўл соҳасини такомиллаштириш, шу жумладан темир йўл компаниясининг асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган алоҳида объектларни ҳусусийлаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, бу Транспорт вазирлиги ва BCG компанияси ўртасидаги илк ҳамкорликдаги лойиҳа эмас. Бундан аввал, 2019 йил бошида компания “Ўзбекистон Республикасининг минтақавий ва транзит транспорт оқимлари ҳамда унга тегишли бўлган транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш” мавзусидаги илмий лойиҳани муваффақиятли амалга оширган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги