Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Москвада электрон тижорат, кўргазма фаолияти ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2020-08-22 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи чоғида Москва шаҳрида йирик Россия компаниялари раҳбарлари, хусусан, “Wildberries” электрон тижорат порталининг асосчиси ва бош директори Т.Бакальчук, “НИПИГАЗ” компаниялари гуруҳининг директорлар Кенгаши Раиси ва “Сибур” компанияси бош директори М.Карисалов билан музокаралар ўтказилди.
Шунингдек, “ХХЮК” Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси мажмуаси бош директори С.Шогуров билан учрашув ва “Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази” кўргазмалар маркази ҳудудига ташриф ташкил этилди.
“Wildberries” компанияси раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистонда йирик онлайн савдо майдончаси ва улгуржи-тақсимот марказларини яратиш лойиҳаси доирасида жорий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: “Wildberries” - Россия ва МДҲ мамлакатларида электрон тижорат соҳасидаги энг йирик компанияларидан бири. 2019 йилда компания Россиянинг энг йирик ритейлери сифатида эътироф этилди. Компания веб-сайтида 30 дан ортиқ турли брендлардаги маҳсулотлар тақдим этилган ва сайтга кунига ўртача 6 миллион мижозлар киради. Шуни ҳисобига кунига 750 минг буюртмалар қабул қилинади. “Wildberries” Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистонда муваффақиятли фаолият юритади. 2020 йилнинг январь ойида компания Польша ва Словакияда савдо қилишни йўлга қўйиб, Европа Иттифоқи бозорида фаолиятини бошлади. Бугунги кунда ўзбекистонлик 100 га яқин ишлаб чиқарувчи “Wildberries” порталидан фойдаланмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда электрон тижорат соҳаси улкан салоҳиятга эга: онлайн савдо бозорининг ҳажми қарийб 12-15 миллиард долларни ташкил этиши мумкин. Шу билан бирга, сўнгги йилларда ушбу секторда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда: 2019 йилда Ўзбекистонда электрон транзакцияларнинг умумий суммаси 344,3 млн долларни ташкил этди ва мамлакат ЯИМ даги электрон тижорат улушининг йиллик ўсиши 30%га баҳоланмоқда.
Учрашув якунида мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга қаратилган яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
“НИПИГАЗ” холдинги ва “Сибур” компанияси раҳбарияти билан учрашув Россиянинг йирик корпорациялари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш орқали меҳнат миграцияси соҳасини тизимлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятларини батафсил кўриб чиқишнинг имконини берди.
Россия Федерациясида истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқаролари орасидан кадрларни тартибли равишда танлаш ва мутахассисликка тайёрлаш механизмларини биргаликда ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни кейинчалик Россия компаниялари томонидан амалга оширилаётган саноат ва инфратузилма лойиҳалари доирасида ишга жойлаштириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Россия томони ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш учун Россия қурилиш ва саноат корхоналари орасидан янги шерикларни топишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
“ХХЮК” кўргазма мажмуасига амалга оширилган ташриф доирасида 66-чи “Ўзбекистон” павильонида таъмирлаш-реставрация қилиш ишларининг бориши кўриб чиқилди ва объектни ўз вақтида фойдаланишга топширилишини таъминлаш бўйича амалий чоралар муҳокама қилинди.
Шу нуқтаи назардан, Минтақалараро ҳамкорликнинг II Форуми, “Made in Uzbekistan” Миллий кўргазмаси, Медиафорум ва Таълим форумини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Амалга оширилаётган ишларни тезлаштириш ва юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш учун “ХХЮК” комплекси маъмурияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги “Интерфорум” ДУК ўртасида яқин ҳамкорлик қилиш механизмини яратиш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги