Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазири Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди
2020-08-21 | Жамият
2020 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Тадбирда адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам Кенгаш аъзоси сифати иштирок этди ва бир қатор масалаларга эътибор қаратилди. Шу жумладан, коррупцияга қарши курашишда аниқ механизм ва институтларни жорий этиш кераклиги, ушбу йўналишда давлат органлари раҳбарлари ва ходимларини билим ва кўникмаларини ошириб бориш муҳимлиги таъкидланди. Пировард масалалари сифатида кадрлар тизимини ислоҳ қилиш ва малакали кадрларни ишга қабул қилиш жараёнларида, давлат ресурсларини сарфланишда ва давлат харидлари тизимининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда даромадларни декларация қилиш институтини Ўзбекистонда тадбиқ этиш санаб ўтилди.
Адлия вазирининг таъкидлашича, коррупциянинг энг катта душмани — бу очиқлик ва шаффофликдир. Ушбу соҳа буйича давлат органлари учун алоҳида дастур ишлаб чиқилиши ва стандартлар белгиланиши керак. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий базага асосланган, манзилли тарғибот олиб бориш муҳимлиги айтилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта тузилди.
Сўнгги уч йилда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, “Йўл хариталари” ҳамда чора-тадбирлар режалари тасдиқланди. Қолаверса, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни билан ҳар бир давлат органининг вазифалари аниқ белгилаб берилди.
Шунга қарамай, коррупция ҳолатлари ҳали ҳам кузатилаётганлиги, бундан халқимиз азият чекаётганлиги, шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ва Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг фаолиятларини тўғри йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, Миллий Кенгаш низоми лойиҳасини, “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия” ва “Миллий стратегия доирасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури” лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда мазкур йўналишда бир қатор қонунларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви тизимида коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш, 2021 йилдан бошлаб инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан аввал “коррупцияга қарши экспертиза” ўтказиш тизими йўлга қўйиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш каби келгуси муҳим режалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда бугунги кунда энг муҳим бўлган соҳалар, яъни соғлиқни сақлаш ҳамда давлат харидлари тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди. Шу жиҳатдан мазкур йўналишларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги