Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тадбиркорликни ривожлантиришда ҳудудлардаги қўшимча имкониятлар таҳлил қилинди

2020-08-20 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Карантин талаблари юмшатилгани туфайли мамлакатимизда иқтисодий фаоллик оша бошлади. Савдо, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги тадбиркорлик фаолияти тикланиб, даромадларни кўпайтиришга имконият пайдо бўлди.

Йиғилишда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича шаҳар ва туманлардаги қўшимча имкониятлар таҳлил қилиниб, уларни  ишга солиш чоралари белгиланди.

Жорий йил 1 декабрга қадар 500 миллиард сўм қўшимча захира шакллантиришга тўлиқ имконият борлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган. Ушбу маблағлар эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш учун республика бюджетидан берилаётган пулларга қўшимча ресурс бўлади.

Август ойида 20 минг, сентябрда 26 мингта корхона фаолиятини тўлиқ қувватга олиб чиқиш, уларнинг пандемия туфайли тўпланиб қолган маҳсулотларини сотиш учун шарт-шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун йирик шаҳарларда қўшимча савдо жойлари ташкил этиш, талаб юқори бўлган истеъмол маҳсулотларини тўлиқ электрон савдо тизимларига жойлаштириш вазифаси юклатилди. Хомашё олиб келиш ёки экспортда қийналаётган корхоналарнинг транспорт-логистика масалаларини ҳал этиш бўйича топшириқ берилди.

Вилоят ҳокимлари Бизнес-омбудсман, Божхона қўмитаси билан бирга 1 октябргача тадбиркорлар томонидан келтирилган технологик ускунани ишга тушириш ҳамда улар учун ер, бино, электр, газ ва бошқа муҳандислик-коммуникация масалаларини ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳудудларда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича захиралар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, давлат томонидан ажратилган субсидия ва кам фоизли кредит эвазига Фориш туманида 100 та қудуқ қазилиб, оборотдан чиқиб кетган 2 минг 700 гектар ерда 6 та токзор ташкил этилди. Бунинг натижасида 2,5 минг янги иш ўрни яратилиб, бюджетга қўшимча тушум таъминланади.

Шунингдек, Тахиатош туманида Иссиқлик электр станциясининг ташланма иссиқ сувидан фойдаланиб, 54 гектарда 7 та гидропоника иссиқхонаси барпо этилмоқда. Бунинг ҳисобига жорий йилда 500 та иш ўрни яратилади ва қўшимча солиқ манбаи пайдо бўлади.

Давлатимиз раҳбари барча ҳудудларда шундай имкониятлар борлигини таъкидлаб, уларни оқилона ишга солиш, кооперация орқали янги корхоналарни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. 

Яна бир захира – эркин иқтисодий зоналардаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган 1 минг гектардан зиёд бўш ер майдонлари. Уларда 17 минг иш ўрни яратиладиган 120 та лойиҳани амалга ошириш мумкин. Йиғилишда ушбу лойиҳаларни пухта шакллантириб, тезроқ ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

“Яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш ва шу орқали қўшимча захираларни шакллантириш топшириғи бериилди. Бундай қўшимча захиралар, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш учун муҳим манба бўлади.

Қўшимча захирларнинг сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва бу борада маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Бош вазир ўринбосарига уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш вазифаси юклатилди. Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, мамлакатимизда жорий этилган “темир дафтар”лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида (“Ёшлар дафтари”), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида (“Аёллар дафтари”) рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди.   

Видеоселектор йиғилишида сўзга чиққан ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча захираларни шакллантиришга доир режалари юзасидан ахборот берди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться