Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
61 та касб-ҳунар мактабларига қабул давом этмоқда
2020-08-20 | Таълим
Коронавирус пандемияси шароитидаги чекловларни инобатга олиб, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари таклифларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат комиссияси мажлисининг 2-сон баёнига мувофиқ 61 та касб-ҳунар мактабига қабул давом этмоқда.
2020 йил 15 августдан 30 августгача (шу куни ҳам) умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари онлайн kasb.edu.uz платформаси орқали қабул қилинади.
Шунингдек, 11-синф битирувчиларига қулайлик яратиш мақсадида 2020-2021 ўқув йили учун коллеж ва техникумларга 2020 йил 25 августдан 25 сентябрга қадар (25 сентябрь куни ҳам) абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш режалаштирилган.
Профессионал таълим муассасаларида ташкил этилган қабул жараёнлари бўйича фуқароларга ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишлари учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида 71-246-11-92 рақамли Call-марказ ташкил этилган.
Маълумот учун, Коллежларга умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчилари қабул қилинади. Ўқиш 2 йилгача бўлган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Техникумлар Олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган бўлиб, уларга ҳам умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчилари қабул қилинади. Ўқиш 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича имтиҳонларсиз, якка тартибдаги суҳбат орқали ОТМларда 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги