Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Ўмон сиёсий маслаҳатлашувлари ҳақида
2020-08-19 | Сиёсат
2020 йилнинг 19 август куни Ўзбекистон ва Ўмон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков ва Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирининг дипломатик масалалар бўйича ўринбосари Шайх Халифа бин Али бин Исо ал-Ҳарисий раҳбарлик қилди.
Вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди доирасида Ўзбекистон-Ўмон муносабатларининг ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналиши савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўлиб, уларнинг ҳозирги кўрсаткичлари томонларнинг мавжуд салоҳиятига мос келмайди. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон - Ўмон транспорт корридори тўғрисидаги келишувларни амалга ошириш, Ўзбекистон-Ўмон ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш, икки мамлакатнинг молиявий институтлари ва ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.
Суҳбат чоғида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Илмий-тадқиқот ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан ҳам фикр алмашдила. Ушбу йўналишдаги масалаларни тезкор ҳал этиш учун икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Музокарада Ўзбекистон-Ўмон кун тартибининг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги