Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россия Активларни бошқариш миллий фонди билан истиқболли ҳамкорлик
2020-08-19 | Жамият
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Россия Активларни бошқариш миллий фонди президентининг ташқи иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Абдуғаффор Қодировни қабул қилди.
Мазкур фонд 1999 йилда таъсис этилган бўлиб, ижтимоий муҳим лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришни ўз олдига мақсад қилган. Наманган вилоятида фонднинг филиали ташкил этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди.
Абдуғаффор Қодировнинг билдиришича, фонд томонидан фойда олиш кўзланмаган ҳолда ҳудудга маблағ жалб этилади ва ушбу маблағ биринчи галда уй-жой қурилиши учун йўналтирилади. Шаҳар ва туманларда барпо этилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар вилоятдаги уй-жойга муҳтож оилаларга узоқ муддатли тўлов асосида мақбул нархларда таклиф этилади. Ушбу турар-жой комплексларида шунингдек, савдо маркази, автотураргоҳ, болалар боғчаси, мактаб ва тиббиёт пункти каби муассасалар ҳам барпо этилади.
Вилоят ҳокими фонд томонидан илгари сурилаётган лойиҳаларнинг ижтимоий жиҳатдан эътиборга молик эканлигини таъкидлаб, уларни амалга ошириш борасида узвий ҳамкорлик ўрнатилишини билдирди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА
Манба: ЎзА