Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш – умумий қоидалар
2020-08-18 | Жамият
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарори билан тасдиқланган “Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида Низом” ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш шартлари ва тартибини белгилайди.
ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи)нинг салбий фарқ суммасини қоплаш, шу жумладан бошқа солиқлар бўйича қарздорликни узиш ҳисобига қоплаш Солиқ кодексига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш масаласи қоида тариқасида солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.
Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган ҚҚС суммасини қайтаришга ҳамда чет давлат фуқароларига ҚҚС суммаси ўрнини қоплашга (ТАХ FREE) нисбатан ушбу Низом қоидалари татбиқ этилмайди
Қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси деганда товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ўртасидаги салбий фарқ тушунилади.
Мисол: Тадбиркор 115 сўмлик товар импорт қилди (15% ҚҚС = 15 сўм). Маҳаллий бозорда фаолият юритаётган “А” тадбиркордан ҳам 115 сўмлик маҳсулот харид қилди (15% ҚҚС = 15 сўм). Тадбиркорнинг умумий харажати 230 сўмни, жами тўлаган ҚҚС миқдори 30 сўм ташкил этди.
Тадбиркор ички бозорда 184 сўмлик товар сотди. (товар қиймати 160 сўм + 15% ҚҚС = 24 сўм). Ҳосил бўлган ҚҚС салбий фарқ суммаси 6 сўм.
Тадбиркор ҚҚС салбий фарқ суммаси (6 сўм) ўрнини қоплаш (қайтариш) тўғрисида ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига шахсий кабинети орқали белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.
ҚҚС суммаси солиқ тўловчига солиқ органининг ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади. Бунда қоплаш тезлаштирилган тарзда 7 кундан кечиктирмай, йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга, экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига ("0" ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчиларига қайтарилади.
Умумий тартибда 60 кундан кечиктирмай бошқа корхоналарга қайтарилиши лозим.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси