Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ёшлари учун Digital Camp - “Рақамли авлод - 2020” онлайн оромгоҳи ташкил этилмоқда
2020-08-18 | Ёшлар
Жорий йил 24-28 август кунлари бутун Ўзбекистон ёшлари учун Digital Camp - “Рақамли авлод - 2020” онлайн оромгоҳи ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида Муҳаммад ал-Хоразмий АКТ мактаби ва “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси биргаликда ушбу йирик инновацион лойиҳанинг ташкилотчилари ҳисобланади.
Беш кун давом этадиган мазкур мотивацияга бой тадбирда ёшларга АКТ соҳаси ривожининг замонавий тамойиллари ҳақида маълумотлар берилади ва иштирокчилар қуйидаги йўналишларда веб-дастурлаш ва мобил дастурлаш, десктоп дастурлаш, рақамли медиа ва маркетинг, дизайн, робототехника ҳамда фриланс таʼлим олишади.
Яна бир эътиборли жиҳати, тадбирга АКТ соҳасидаги энг машҳур ва тажрибали маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар - Angry Birds мобил ўйини асосчиси, Google компанияси ривожлантирувчи экспертлари ва йирик IT лойиҳалар асосчиларининг маърузаларини тинглаш билан бирга, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб ҳам олишингиз мумкин.
Online Digital Camp - “Рақамли авлод - 2020” онлайн оромгоҳида иштирок этиш учун 23 август, 21:00гача camp.digitalgeneration.uz ҳаволаси орқали рўйхатдан ўтиш мумкин. Рўйхатдан ўтганлар ушбу лойиҳа кўмагида замонавий технология бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлишади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги