Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тўдакўл соҳилида “Silk Road Family Resort” замонавий дам олиш маскани очилди
2020-08-17 | Туризм
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 19 июндаги 4755-сонли қарорида Тўдакўл кўли ҳудудида туристик зонани ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича сувда дам олиш турлари ва пляж туризмини ривожлантириш, кўлга йўловчиларни ташиш учун доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантириш назарда тутилган.
Давлат раҳбари қарорига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда туризмни жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни муҳокама қилиб, Тўдакўл соҳилида сайёҳлик дам олиш масканларини ташкил қилишга доир тегишли тавсиялари билан бўлишган.
Мазкур ислоҳотлар доирасида бухоролик фаол тадбикорлар томонидан Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида замонавий талабларга мувофиқ “Silk Road Family Resort” сайёҳлик курорти барпо этилиб, соҳилбўйи дам олиш масканига айлантирилди. 16 август куни ушбу “Silk Road Family Resort” дам олиш масканининг расмий очилиш маросими ўтказилди. Тантанали тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов очиб бериб, йиғилганларга Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг табрик сўзларини етказди.
“Бугунги кунда юртимизда туризм соҳасини пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантиришнинг долзарб чоралари кўрилмоқда. Бу борада Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарорига мувофиқ, 15 августдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракати, маҳаллий авиа ва темир йўл қатновига рухсат берилиб, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар ва бошқа дам олиш масканлари фаолияти тиклангани сайёҳлик учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Қисқа муддатда фойдаланишга топширилаётган ушбу объект Ўзбекистон Президентининг 2019 йил март ойида мазкур ҳудудга амалга оширган ташрифлари доирасида маъқулланган лойиҳа бўлиб, икки босқичда йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бундай ажойиб лойиҳанинг дам олиш масканлари фаолияти тикланган ҳозирги даврда йўлга қўйилиши ўзига хос рамзий маънога эга”, - деди у.
Очилиш маросимида шунингдек Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Шахриёров, Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Камолиддин Ҳасанов, Қизилтепа тумани ҳокими Шабон Набиев ва бошқа мутасадди раҳбарлар қатнашди. Жаҳон андозаларига мос келувчи ушбу дам олиш маскани лойиҳасига кўра, қурилиш жараёнлари 2022 йилда якунлаши режалаштирилган.
Тўдакўл соҳили бўйида барпо этилаётган пляж, дам олиш ва соғломлаштириш маскани ҳамда аквапаркнинг умумий лойиҳа қиймати 6 млн АҚШ долларини ташкил этади. Тўдакўл қирғоғига туташ бўлган 15,0 гектар майдонда мазкур объектнинг биринчи босқичида - 500 нафар, иккинчи босқичида эса 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имконияти яратилади. Бу сайёҳлик дам олиш маскани ишга тушгач 150 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Лойиҳа тўлиқ қувватда фаолият юритиши билан дастлабки даврда бир ойда камида 4,5 млрд. сўм, кейинчалик эса 40 млрд. сўмгача даромад бўлиши кутилмоқда. Объект ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 7 минг туп манзарали дарахтлар экиш мўлжалланган бўлиб, айни пайтгача 3 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўтказилган ва пляж ҳудуди бўйлаб табиий чим ётқизилган.
Шунингдек, ушбу сайёҳлик объекти пляж, бассейн, қуёш нурида тобланиш, аквапарк, аттракционлар, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш тапчанлари, корабль тимсолидаги ресторан, ёзги терасса, СПA-салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ ва махсус сув транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади. Бу масканга ташриф буюрувчилар учун очиқ осмон остида бир-биридан қизиқарли концерт ва шоу дастурлари ҳам намойиш этилади.
Буларнинг бари Ўзбекистонда туризм турларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш баробарида маҳаллий аҳолини қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш ва шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан ташкил этилган инфо-тур доирасида 40 га яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар Тўдакўл соҳилига ташриф буюриб, Ўзбекистондаги замонавий пляж курорти очилишининг ёритилишида фаол иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги