Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюк Британия ҳукумати вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2020-08-17 | Жамият
14 август куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов Буюк Британиянинг Миграция ва замонавий қуллик масалалари бўйича элчиси Женнифер Таунсон билан онлайн-музокаралар ўтказди. Ушбу музокаралар давомида вазирликнинг Альянс 8.7 га қўшилиш истиқболлари, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида вазирнинг биринчи ўринбосари элчига фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини етказди, хусусан, ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам бериш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, шунингдек, хавфсиз ва уюшган миграцияни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди. У меҳнат соҳасидаги қонунчиликда қабул қилинган ўзгаришларга, меҳнат органларидаги ислоҳотларга, шунингдек, Давлат меҳнат инспекциясининг ишчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдаги ролига эътибор қаратди.
Ўз навбатида, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг Миграция ва замонавий қуллик масалалари ҳамда Ҳамдўстлик ишлари бўйича элчиси Ж. Таунсон сўнгги йилларда қўлга киритаётган ютуқлари орқали «Ўзбекистон болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида бошқа давлатлар учун ўрнак бўлаётганини» таъкидлади.
Учрашув кун тартибидаги алоҳида масала Буюк Британиянинг Альянс 8.7 да шерик сифатида қатнашиши тажрибасини муҳокама қилиш бўлди.
Алянс 8.7 – бу мажбурий меҳнат, замонавий қуллик, одам савдоси ва болалар меҳнатига чек қўйиш бўйича тезкор ва самарали чораларни кўриш учун глобал ҳамкорлик платформасини яратишга чақирилган кўп томонлама ташкилотдир.
Таунсон хонимнинг сўзларига кўра, Альянс 8.7 2025 йилга қадар мажбурий ва болалар меҳнатини тугатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор Тараққиёт Мақсадларининг 8.7-банди бўйича иш суръатларини ошириш ва глобал консенсусга эришишни таъминлайди.
Шунингдек, Альянснинг стратегик мақсадларидан бири – бу болалар ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича мамлакатлар ўртасида тажриба ва маълумот алмашишдир. Жумладан, 2018 йилда Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштирилувчи Alliance 8.7 (Delta 8.7) билимлар платформаси яратилди.
Хориж томони Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида илғор малака ва тажриба алмашиш учун самарали восита бўлиб хизмат қилишини, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятини мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари тўғрисида хабардор қилиш учун имконият бўлишини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар бир қатор масалалар, шу жумладан таъминот тизимидаги мажбурий меҳнат, миграция соҳаси ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш бўйича икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида Таунсон хоним Буюк Британия ҳукумати Ўзбекистоннинг Альянс 8.7 га қўшилиш истагини маъқуллашини ва Ҳукуматнинг кўп томонлама лойиҳалар доирасида ҳам, иккитомонлама даражадаги саъй-ҳаракатларини ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги