Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2020-08-13 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (кейинги ўринларда – Дин ишлари бўйича қўмита), Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқ ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш;

ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;

Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;

мамлакатда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларнинг калом илмига оид мероси ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг аcл ҳамда электрон нусхаларини тўплаш ва келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқотларни ташкил этиш;

исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маъруза, семинар-тренинг ва танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;

тадқиқот натижалари юзасидан қомуслар, каталоглар, альбомлар, илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар, ахборот-ресурс базасини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилишни ташкил қилиш;

ислом тарихи ва калом илми йўналишидаги янги тадқиқотлар натижаларидан илмий жамоатчиликни кенг хабардор этиш;

“жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш, мутаассиблик, экстремизмнинг мақсадлари, ғоявий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият услубларини ўрганиш ҳамда уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш учун тавсия этиш.

3. Қуйидагилар:

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгашининг таркиби 1-иловага мувофиқ;

2020-2024 йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ директори Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади ҳамда фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди.

5. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг тузилмаси ва уставини тасдиқласин;

Марказ учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани барпо этиш бўйича тегишли чораларни кўрсин;

Марказга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича ташкилий ишларни амалга оширсин.

7. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияни таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки:

халқаро стипендияга номзодлар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти билан боғлиқ изланишларни амалга оширувчи хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар орасидан саралаб олинади;

халқаро стипендия совриндорларининг Ўзбекистондаги илмий изланишлари халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳисобига молиялаштирилади.

8. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректорига:

хорижлик малакали мутахассисларни илмий тадқиқотчи сифатида жалб этиб, уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаш;

Марказ илмий тадқиқотчилари ва мутахассисларининг хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташи қиймати ҳамда шу билан боғлиқ харажатлар учун тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.

9. Ўзбекистон халқаро ислом академияси Марказ ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилотига (ICESCO) аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чораларни кўриб борсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда:

Марказда ноёб қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси белгиланган тартибда шакллантирилишини;

илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган мақсадли илмий лойиҳаларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Марказга маблағлар ажратилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси мунтазам равишда Марказнинг асослантирилган таклифлари асосида илмий ходим ва тадқиқотчиларнинг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш ҳамда хорижлик илмий ходим ва тадқиқотчиларни Марказга жалб қилиш чораларини кўриб борсин.

12. Марказ илмий ходимлари ва мутахассисларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармонининг 11-банди амал қилиниши татбиқ этилсин.

13. Дин ишлари бўйича қўмита икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.С.Қосимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А.Мусаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 11 август

Манба: ЎзА

Поделиться