Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига

2020-08-12 | Сиёсат

Ҳурматли форум қатнашчилари!

Қадрли ёшлар!

Барчангизни – “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми қатнашчиларини қутлаш менга улкан мамнуният бағишлайди. Сиз, азизларни Халқаро ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга мазкур форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Халқаро анжуман ишида иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ва бошқа шерикларимизга ташаккур изҳор этаман.

Азиз дўстлар!

Маълумки, келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс кучдир.

БМТнинг Ёшлар стратегиясида таъкидланганидек, “ёшлар сиймосида энг қимматли ва ўта муҳим ресурслар мужассам топган бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийди, чунки бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтади”. Мен ғоят муҳим ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан.

Шу йилнинг бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келмоқда. Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди.

Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур.  

Бугунги мураккаб вазиятда ёш авлод вакиллари замонавий таҳдидларга, жумладан, пандемияга қарши ўзларининг истиқболли ташаббуслари ва ижтимоий лойиҳалари билан муносиб жавоб бераётгани эътиборга сазовордир. Бутун жаҳонда кўнгилли ёшлар ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашда, янги иқтисодий ва гуманитар дастурларни илгари суришда фаол иштирок этмоқда.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Ҳозирги замонда интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшлар барқарор тараққиётнинг драйверига айланмоқда. Бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда.

Аҳолисининг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистонда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.  

Фақат кейинги йилларнинг ўзида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уйғун ривожлантиришга, ҳар бир навқирон инсон жамиятда муносиб ўрин эгаллашига қаратилган бир қатор қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилди, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди.

Ҳозирги вақтда “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси ишлаб чиқилмоқда, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индекси жорий этилмоқда.

Бугунги кунда инсоният дуч келаётган кўплаб муаммолар – тинчлик ва хавфсизликка таҳдидлар, терроризм ва экстремизм, ирқчилик, иқлим ўзгаришлари, шунингдек, COVID-19 пандемияси – ўзаро келишилган глобал ҳамкорликни ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш жараёнларига ёшларни фаол жалб қилишни талаб этмоқда.

 Шу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши жаҳондаги икки миллиарддан ортиқ йигит ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. У ёш авлодни маърифий руҳда тарбиялаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Ушбу ташаббус халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Бугунги Форум иштирокчилари ҳам ана шу ташаббусни қўллаб-қувватлайдилар, ҳужжат лойиҳасини ўз амалий таклифлари билан бойитадилар, деб ишонаман.

Қадрли ёшлар!

Бугун ўз ишини бошлаётган Самарқанд ёшлар форуми глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини,  тинчлик ва тараққиётни таъминлаш йўлида навқирон авлод томонидан қўйилган муҳим амалий қадам ва қимматли ҳисса бўлади, деб умид қиламан.

Форумнинг барча иштирокчиларига фаолиятлари самарали бўлишини  тилайман.

 

 

Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться