Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
2020-08-08 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида республика тадбиркорлари ва экспортчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жаҳон бозорларидаги мавжуд конъюнктурани ҳисобга олган ҳолда маҳаллий экспорт ҳажмини ошириш бўйича чораларни кўриш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга оширишни муҳокама қилиш мақсадида видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этдилар.
Экспорт ҳажмини ошириш бўйича жорий йилнинг январь-июль ойларида амалга оширилган ишлар натижалари, жумладан, экспортчи корхоналарнинг айланма капиталини тўлдириш, илгари тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини уларга қайтариш бўйича кўрилган чоралар, шунингдек, республиканинг экспорт салоҳиятини илгари суриш, маҳаллий маҳсулотлар учун янги буюртмачиларни излаш ва экспорт шартномаларини бажаришга кўмаклашиш бўйича Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятининг натижадорлиги танқидий кўриб чиқилди.
Йиғилиш чоғида ҳозирги вақтда жаҳон амалиётида пандемия шароитида ишлаб чиқариш ва товарлар савдосини амалга оширишнинг замонавий самарали механизмлари жорий этилганлиги, бу эса жаҳон иқтисодиётининг тикланишига ва халқаро иқтисодий муносабатларнинг фаолланишига ижобий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланди. Шу муносабат билан, экспорт ҳажмини ошириш учун барча мавжуд заҳиралардан фойдаланиш бўйича тегишли тузилмалар ва органларнинг тизимли иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
МДҲ ва қўшни давлатлар бозорларида бир қатор товар позицияларига талабнинг ўсиб бораётганлиги, шунингдек, маҳаллий маҳсулотларнинг айрим турларига нархлар ўсишининг прогнозлари таъкидланди, бу эса белгиланган йўналишларда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг мақсадли ўсиши учун қулай шарт-шароитларни шакллантиради.
Экспортчи корхоналарнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш, уларни тезкорлик билан ҳал қилиш бўйича чораларни кўриш, тадбиркорларнинг қўшимча кредит ресурсларига бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ва илгари тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтаришдан иборат экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика штаби фаолиятини янада фаоллаштириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, маҳаллий корхоналар тўлов интизомига риоя қилишлари зарурлиги таъкидланди, шу муносабат билан амалдаги экспорт шартномалари бўйича муддатлари ўтган дебиторлик қарздорликларни қисқа муддатда тугатиш вазифаси қўйилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳудудий инвестиция дастурларининг бажарилиши юзасидан олдин берилган топшириқларнинг бажарилиши устуворлик берилган тартибда кўриб чиқилди: режалардан ортда қолаётган лойиҳалар аниқланиб, ишларнинг ўз вақтида бажарилишига халақит бераётган омиллар ўрганилди, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Қурилаётган саноат объектларини муҳандислик коммуникацияларига ўз вақтида улаш, тегишли давлат органлари томонидан рухсатномаларни тўсиқсиз бериш, шунингдек, ташкил этилаётган корхоналарни муваффақиятли ишга тушириш ва улардан фойдаланишга ҳар томонлама ёрдам беришнинг муҳимлиги таъкидланди.
Ушбу ҳудудларда “Лойиҳа фабрикалари”ни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган чоралар танқидий баҳоланди, шу сабабли масъул раҳбарларга тезкор равишда тегишли бинолар қурилишини тугатиш ва ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида вазирликлар ва идораларнинг масъул раҳбарларига муддатлар ва кутилаётган натижалар белгиланган ҳолда аниқ топшириқлар берилди. Топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишининг мониторинги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги