Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЕИ Афғон аёлларининг Ўзбекистонда ўқиши учун таълим грантларини молиялаштиради
2020-08-06 | Таълим
Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда афғон аёллари мамлакатимизда ўқиши учун 2020 йил таълим грантларига ариза бериш жараёнини давом эттирмоқда. Бу ҳақда БМТ ТД матбуот хизмати маълум қилди.
Танлов мезонига кўра, талабгорлар инглиз тили, биология ва кимё асослари, шунингдек, инглиз тилида ёзма тестни муваффақиятли топшириши ҳамда танлов комиссияси аъзолари билан интервьюдан ўтиши талаб этилади.
Ғолиблар биринчи ўқув йилида ўзбек тили, инглиз тили, кимё ва биология фанларидан асосий курс бўйича таҳсил олади. Талабалар тил, биология ва кимё бўйича бошланғич тайёргарликдан сўнг агрономия ихтисослиги бўйича “TVET” дастури асосида таҳсил ола бошлайди. Ушбу грант дастури уч йил, 2020 йил сентябрдан 2023 йил майга қадар давом этади. Бу вақт давомида талабалар Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида яшайди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон қўшни, дўст Афғонистон заминида тинчликни қўллаб-қувватлайди. Ушбу эзгу иш Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишга эришишда муҳим ҳисобланади. Агрономия соҳасида техник ва касбий таълими (TVET) дастури орқали касбий маҳоратини оширишни истаган 12 йиллик ўрта мактаб гувоҳномасига эга афғонистонлик аёллар таълим гранти билан тақдирланади.
– Гендер тенглиги ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқи, балки мамлакатни ривожлантириш ва равнақ топтиришнинг оқилона миллий стратегияси ҳамдир, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска. – Грант дастури Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади ва БМТ ТД томонидан амалга оширилади. Бу янги трансчегаравий ташаббус бўлиб, афғонистонлик аёлларга Марказий Осиёдаги университетларда таҳсил олиш орқали малака ошириш ва ўзларини профессионал томондан кашф этиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, уч босқични ўз ичига оладиган ариза қабул қилиш жараёни 2020 йил 15 августга қадар давом этади. Дастур ва қабул жараёни билан боғлиқ барча тафсилотлардан қуйидаги ҳавола орқали хабардор бўлиш мумкин: https://edu.uz/uz/pages/afghan_women_TVET_grants
Манба: ЎзА