Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон бўйича видеоконференция тўғрисида
2020-08-05 | Сиёсат
2020 йил 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Тинчлик учун консенсусни мустаҳкамлаш” мавзусидаги Афғонистон бўйича онлайн-конференция ишида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, хорижий давлатларнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, халқаро ташкилотлар ва Кобулда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этдилар.
Форум мақсади Афғонистон инқирозини ҳал қилиш ва бўлажак Жирға маслаҳатига алоҳида урғу бериб, афғонлараро тинч музокараларни тезроқ бошлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишдан иборат.
Афғонистон ташқи сиёсат идораси раҳбари в.б. Ҳаниф Атмар Афғонистондаги сиёсий жараёнга ёрдам бергани ва коронавирус пандемияси шароитида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлагани учун қатор давлатларга, жумладан Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.
Мамлакатда зўравонлик даражасини тезроқ камайтириш муҳимлиги, шунингдек, афғон халқининг сиёсий жараёнда муҳим роли қайд этилди.
Афғонистонда афғонлараро тинчлик музокараларини бошлаш учун ҳар томонлама ёрдам бериш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги