Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм объектларида санитар хавфсизликни таъминловчи воситалар учун белгиланган имтиёзлардан фойдаланинг!
2020-08-04 | Туризм
Ҳурматли тадбиркорлар! Хизмат кўрсатиш жараёнларини ташкил қилишда Ўзбекистон Президенти фармонлари билан туризм соҳаси тадбиркорлари учун тақдим этилган имтиёзлардан кенг фойдаланинг!
Маълумки, коронавирус пандемияси оқибатида саёҳатни ташкил қилиш ва сайёҳларга хизмат кўрсатишда янгича тартиб қоидаларни жорий этиш, бунда ўзаро сайёҳлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар орасидаги масофани сақлаш ҳамда улар томонидан санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 28 майдаги 6002-сон Фармонининг 7-бандига мувофиқ, дезинфекция ишларини олиб бориш учун жиҳозлар, техникалар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, алоқасиз бошқариладиган (сенсорли) жиҳозлар, шунингдек, ҳидсиз дезинфекцияловчи воситалар 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларини тўлашдан озод этилди.
Қонунчиликка кўра, божхона тўловларига божхона божи, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, божхона йиғимлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар киради.
Фармонга мувофиқ, бундай турдаги товарлар божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилмайди.
Ҳужжатда белгиланган тадбиркорлар томонидан олиб кирилган товарлар «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштираётганда уларга божхона режимига жойлаштирилган куни амалда бўлган божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ҳамда қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади, қолган божхона тўловларининг ноль ставкалари қўлланади.
Шундай экан, ўз фаолиятингизда санитар хавфсизликни таъминловчи воситаларга нисбатан белгиланган имтиёзлардан фойдаланинг!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги