Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
5G тележарроҳлик амалиётини қўллашга имкон беради
2020-08-03 | Технологиялар
5G ҳозирги мобил интернет тезлигидан камида 10 баробар ва ундан юқори тезликда маълумотлар узатмасини амалга оширади. Хўш, бу мисли кўрилмаган интернет тезлиги бизга, умуман инсониятга нима беради? Яшаш тарзимизни қай томонга ўзгартириши мумкин? Бунга албатта мисоллар талайгина. Юқори тезликдаги мобил интернет кундалик яшаш тарзимизда кенг қўлланилиши кутилмоқда. 5Gнинг энг асосий харидорларидан бири бу — медицина соҳасидир. Айни дамда баъзи мамлакатларда шу соҳа вакиллари ва шифокорлар тайёр 5G станциялари ва тегишли прототиплар ҳамда роботлар ёрдамида телемедицина устида изланишлар олиб боришмоқда.
Юқори интернет тезлиги ёрдамида реал вақт оралиғида, ҳеч қандай узилишларсиз (маълумотлар узатмасидаги тўхталиш 1м/с) масофадан туриб жарроҳлик операцияларини амалга ошириш имконини беради. Масалан, Андижонда амалга ошириб бўлмайдиган операция учун Тошкентга келишнинг ҳожати қолмайди. Кўп ҳолларда беморларнинг аҳволи оғирлиги туфайли бошқа шаҳар ёки мамлакатларга бориш имкони бўлмайди, бу эса ўз навбатида бемор саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Албатта ,шу онда 5G тезлиги ёрдамга келиши ва малакали мутахассис бошқа бир шаҳар ёки давлатдан туриб беморнинг аҳволини тегишли ёрдамчи ва роботлар ёрдамида кўздан кечириб, тегишли хулосалар натижасида жарроҳлик операцияларини амалга ошириши мумкин булади. Бу, албатта, келажакда телемедицина ривожланишига катта ҳисса қўшади ва беморларнинг оғирини енгиллаштиради.
Телетиббиёт энди ривожланаётган соҳа ва амалиётда камдан-кам ҳолларда қўлланилаётган деб қаралсада, 1965 йилда буюк кардиожарроҳ Майкл ДеБакейнинг сунъий юракнинг аорта клапанини алмаштириш бўйича жарроҳлик амалиёти биринчи марта видеоконференцалоқа орқали намойиш этилган.
Узоқ масофадан операция қилиш амалиёти эса илк бор 2001 йили амалга оширилган. Бунда АҚШда турган жарроҳ Францийадаги беморнинг ўт пуфаги олиб ташлаган. Шифокорнинг робот билан алоқаси кабель орқали амалга оширилган. Роботларнинг миқдори камлиги ва ишончли алоқа тармоқларнинг мавжуд эмаслиги боис ўша пайтдан бери бундай операциялар қайта қилинмаган.
Бироқ юқори тезликдаги 5G мобил алоқасининг пайдо бўлиши ҳамда роботлар ишлаб чиқарилишини кенгайиши натижасида тележарроҳлик одатий ҳолга айланиши кутилмоқда. Масалан, италиялик шифокорлар 5G алоқасини консультациялар учун қўллашни йўлга қўйдилар: бунда малакали шифокорлар, ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган мутахассислар томонидан амалга оширилган жарроҳлик операциясини бошқариб туришади. Яқинда эса яна бир тажриба ўтказилди, бунда мураккаб микрожарроҳлик лазер операцияси масофадан ўтказилди. Беморда эмас, балки мурдада ўтказилган мазкур амалиётда уч ўлчамли видео-сигналлар жарроҳдан роботгача 102 миллисекундда етиб борган.
Ҳозирда телемедицина соҳасида юртимизда ҳам илк тажриба синовдан ўтказилди. 2020 йилнинг 17 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда республикада илк бор телемедицина амалиётига старт берди. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали профессор ва шифокорлари Мўйноқ туманидаги 18 ёшгача бўлган сурункали касалликлари бор болаларни реал вақтда масофадан тиббий кўрикдан ўтказдилар. Тиббий кўрик жараёнида болалар текширилиб, уларга энг мақбул даво чоралари тавсия қилинди. Юртимизнинг чекка ҳудудларидан бири Мўйноқ туманида истиқомат қилувчи болалар мазкур туманда ташкил этилган замонавий Инновацион телемедицина клиникасига келиб, юртимизнинг энг етук шифокорларидан маслаҳатлар олдилар.
— Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида жойлашган 5G лабораторияси ўқув машғулотлари ва тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган, — дейди Инновацион ишлармаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхонов. – Лабораторияда талабалар ва тадқиқотчилар ўз лойиҳалари устида ишлаш, ускуналар ва антенналар ёрдамида ихтироларининг амалда нима қила олиши ёки уларнинг имкониятларини солиштириб кўриш имкониятига эга бўлади. Биздаги антенна тизимлари (massive MIMO) ёрдамида биз маълумотлар алмашинувидаги хато ва камчиликларни, ўзгаришларни кузатиб боришимиз ва интернет тезлигига халақит берувчи шовқинларни аниқлашимиз мумкин. Бундан ташқари, маълумотлар узатиб бериш қатламларига босим ўтказиш натижасида интернет тезлигини оширишга нима тўсқинлик қилаётганини кузатамиз .
Мазкур лаборатория карантин талаблари бироз юмшаб, ёки умуман бекор қилинганидан кейин барча учун очиқ бўлади. Иқтидорли ёшлар учун шу ерда ўқув курслари ташкил этилади. Бу эса 5G имкониятларидан фойдаланишни биладиган мутахассислар сонини оширишга хизмат қилади.
Демак, телемедицинани Ўзбекистонда қўллаш учун мобил алоқа операторлари билан ҳамкорликда тегишли прототипларни харид қилиш лозим. Ҳозирги кунда фойдаланилаётган 4G мобил интернетининг максимал тезлиги 100/мбитни ташкил этаётган бўлса, 5G эса камида 1/Гбит тезликда ишлайди, яъни интернет тезлиги камида 10 баробарга ошади.
Демак юртимизга 5G интернет тезлигининг кириб келиши узоқ ҳудудлардаги беморларнинг даволаниши, уларга жарроҳлик амалиётларини қўллаш сифатини оширишга ёрдам беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги