Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш учун электрон тизим ишлаб чиқилади
2020-07-23 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш» секцияси бўйича” Илмий-техник кенгашининг онлайн йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга т.ф.д., профессор Ш.Х.Фозилов раислик қилди.
Давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажариладиган инновацион лойиҳалар танловининг муҳокамаси эшитилди. Хусусан «Электрон парламент» тизими доирасида амалга ошириладиган тегишли лойиҳалар рўйхати аниқланди. Ҳозирда «Электрон парламент» ягона лойиҳаси доирасида депутатлар фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш учун электрон тизимни ишлаб чиқиш зарурати мавжуд. Умуман олганда, давлат органлари фаолиятини автоматлаштиришни ва уларнинг очиқлик даражасини оширишни таъминлайдиган лойиҳаларни амалга ошириш давлат бошқаруви тизимини автоматлаштиришнинг долзарб йўналиши ҳисобланади. Бундай тизимнинг ривожланиши давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини, демократик жараёнларнинг сифатини ва вакиллик органларининг ҳисобдорлигини оширишнинг янги инновацион усулини жорий этишга имкон беради. Шу нуқтаи назаридан бажарилиши икки йилга мўлжалланган «Қонунчилик палатаси депутатларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва рейтинг ахборот тизимини яратиш» мавзусида инновацион лойиҳа тақдим этилди.
Шунингдек, илмий фаолиятга оид давлат дастурларининг ягона электрон платформаси учун махсус дастурий маҳсулот яратиш масаласи йиғилиш иштирокчилари томонидан муҳокама этилди. «Илмий фаолиятга оид давлат дастурларининг интеллектуал электрон платформаси яратиш» мавзусида инновацион лойиҳа тақдим этилди. Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад илмий -тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида амалга ошириладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни (тематик, мақсадли ташаббускор) шакллантириш, танлаб олиш, экспертизадан ўтказиш, мониторинг қилиш, баҳолаш, жорий қилиш ва тижоратлаштириш учун тавсия қилишни ўз ичига олган электрон платформани яратишдан иборат. Онлайн-платформанинг ишга туширилиши натижасида кўп вақт ва ортиқча ишчи кучи сарфланишининг олди олинади. Илмий лойиҳаларга оид ҳар қандай статистик, таҳлилий ва прогнозлаштириш билан боғлиқ маълумотларни тезкорлик билан олиш имконияти кенгаяди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари Ахборот технологиялари (АТ) соҳасининг иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари билан интеграциясини таъминлаш мақсадига қаратилган «Мультимедиали алоқа тармоқларини лойиҳалаш ва тадқиқ этиш учун виртуал ўқув лаборатория ишлаб чиқиш» номли лойиҳасини муҳокама қилдилар. Мазкур лойиҳа АТ соҳасидан бошқа йўналиш (қишлоқ хўжалиги, ҳарбий, тиббиёт ва ҳк.,)ларда таҳсил олган мутахассислар, масалан, АТ+қишлоқ хўжалиги ёки АТ+ҳарбий ёки АТ+тиббиёт йўналишда фаолият олиб боришлари учун АТ кўникмаларини ўзлаштириш имкониятини беради.
Билдирилган фикр мулоҳазалар, экспертлар баҳосини эътиборга олиб, Илмий - техник кенгаши биринчи иккита лойиҳани молиялаштиришга тавсия этдилар. Учинчи лойиҳанинг мавзуси долзарб бўлса-да, бундай мажмуаларнинг турли тилларда яратилган аналоглари мавжудлиги қайд этилди. Лойиҳа доирасида якуний инновацион маҳсулот олиш кўзда тутилмагани эътиборга олиб, инновация мавжуд эмас деган хулоса қилинди ва молиялаштиришга тавсия этилмади.
Молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг қарори билан тасдиқланганидан сўнг молиялаштирилиши кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги