Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан музокаралар ўтказилди
2020-07-22 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков видеоконференция шаклида Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цзян Янь билан музокаралар ўтказди. Суҳбат чоғида пандемияга қарши курашда икки томонлама ўзаро ҳамкорликка оид масалалар, шунингдек, инвестициялар, савдо ва транспорт соҳасидаги жорий ва келгусидаги ҳамкорликнинг бир қатор жиҳатлари муҳокама қилинди.
ХХР ҳукуматига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами ҳамда Ўзбекистон шифокорларига эпидемиянинг тарқалишига қарши курашишда ва «COVID-19» коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда кўмаклашиш мақсадида бир гуруҳ хитойлик шифокорларни Ўзбекистонга юбориш тўғрисидаги қарори учун миннатдорчилик билдирилди.
Шунингдек, эпидемиологик вазиятга қарамай, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистонга келган хитойлик мутахассисларнинг бебаҳо ҳиссаси таъкидланди.
Суҳбат чоғида томонлар умумий мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш истагини билдирдилар.
Хитойлик инвестор ва тадбиркорларнинг Ўзбекистонда нефть-газ, кимё, қурилиш, фармацевтика ва енгил саноат соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиши, шунингдек, Давлат тараққиёт банки, ХХР Эксимбанки ва Ипак йўли жамғармаси билан ҳамкорлик ривожланишининг юқори суръатлари таъкидланди.
Ушбу йўналишда, яқин келажакда Ўзбекистон ва Хитой вилоятларининг биринчи форумини ўтказишга тайёрлик билдирилди. Форумнинг мақсади - Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва ХХР провинциялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой табдиркорлари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Савдо айланмасининг ҳозирги ижобий динамикасини сақлашда, жумладан, пандемиянинг савдо битимларини амалга оширишга кўрсатаётган салбий таъсирини камайтиришдан ҳар икки томон манфаатдор эканлиги таъкидланди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ХХР Ҳукумати ўртасида товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ва назорат қилиш учун зарур бўлган ахборот билан алмашиш тўғрисидаги битим лойиҳасини ва унга таалуқли бўлган Ахборот ҳамкорлигининг Техник шартларини кўриб чиқиш долзарб масала ҳисобланади. Томонлар ҳар икки мамлакатнинг тегишли идораларини жалб қилган ҳолда ушбу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди - шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг июнь ойида “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон – Туркманистон” блок-поезди муваффақиятли йўлга қўйилганлиги қайд этилди. Ушбу йўлак бўйлаб мультимодал юк ташиш ҳажмини ошириш учун қўшимча қулай шарт-шароитларни яратиш тўғрисида келишувга эришилди. Шунингдек, ташқи савдо юкларини, жумладан, янги узилган мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни консолидация қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тарқатиш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди ва кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Музокаралар якунида томонлар муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифаларни аниқлаб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги