Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Россия транспорт вазирликлари вакиллари келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди
2020-07-21 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 20 июль куни видеоконференц алоқа шаклида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлик комиссияси навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон томонига Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев, Россия томони вакилларига мамлакат транспорт вазирининг биринчи ўринбосари, Росавиация раҳбари Александр Нерадько раҳбарлик қилди.
Видеоконференц алоқа режимида ўтказилган йиғилишда икки мамлакат транспорт соҳасидаги бошқарув органлари ўртасида бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолашга тайёргарлик кўриш масаллари муҳокама қилинди. Xусусан, Фуқаро авиацияси агентлиги ва Ҳаво транспорти федераль агентлиги ўртасида ҳаво кемаларининг учишга яроқлилик соҳасида ҳамкорлик ҳақида келишув, Россия Федерацияси транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ўртасида транспорт таълими соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашга тайёргарлиги муҳокама этилди.
Учрашувда Россияга экспорт маҳсулотларини ташиш учун ҳамкорликда транспорт-экспедиторлик компаниясини ташкил этиш, шунингдек, экспорт юкларини сақлаш ва транспортировка қилишда “Находка” ва “Новороссийск” портларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Шу билан бирга коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чоралари бекор қилингач Россия-Ўзбекистон лоукост-авиаташувчисини тузиш бўйича истиқболдаги режалар ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва «РТ-Инвест Транспортные Системы» МЧЖ томонидан имзоланган рақамли транспорт тизимлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Учрашув якунида томонлар видеоконференц алоқа шаклида қуйи комиссия йиғилишларини мунтазам равишда ташкил этиш юзага келган муаммоли масалаларни зудлик билан ҳал этиш ва Ўзбекистон – Россия икки томонлама алоқаларининг амалий аҳамияти ва самарадолигини оширишга имкон беришини таъкидлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги