Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарё вилоятининг иқтисодий ўсиш нуқталари белгиланди
2020-07-20 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигидаги ва вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни ўрганиш, вилоятда иқтисодий ўсишнинг "драйверлари"ни аниқлаш, шунингдек, тадбиркорлар ва экспортчилар хўжалик фаолияти давомида дуч келаётган масалаларни ҳал этиш учун Қашқадарё вилоятига йўл олди.
Сафар давомида амалга оширилаётган ва режалаштирилган лойиҳалар чуқур таҳлил қилинди, тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш орқали кредит маблағлари, ер, бўш бино ва иншоотлар ажратилиши, коммунал тизимларга уланиш ва бошқа омиллар билан боғлиқ муаммоли масалалар аниқланди. Ушу масалалар ечими бўйича масъулият тегишли давлат тузилмалари ва тижорат банклари раҳбарлари зиммасига юкланди. Шунингдек, инвестицияларни жалб қилишнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш мақсадида вилоят туман ва шаҳарларининг ресурс салоҳияти ва инфратузилмасини ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастури атрофлича қайта кўриб чиқилди. Дастурга умумий қиймати 6,1 трлн сўмлик 1321 та лойиҳа киритилган. Шу билан бирга, 2021 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай 2,0 трлн сўмлик 793 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган. Ишчи гуруҳ аъзоларига янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш бўйича фаол ишларни давом эттириш ва вилоятнинг иқтисодий ўсиш нуқталаридан тўлиқ фойдаланиш топширилди.
Деҳқонобод, Касби, Қамаши, Муборак ва Шаҳрисабз туманларида инвестиция жалб қилиш даражасининг етарли эмаслиги қайд этилди. Шу муносабат билан тегишли вазирлик, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига янги лойиҳалар амалга оширишнинг жадвалларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш топширилди. Шунингдек, Чироқчи ва Миришкор туманлари иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун қўшимча равишда йирик инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу лойиҳаларни баҳолаш ва тасдиқлашнинг асосий мезони - қисқа муддатда ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишдан иборат бўлган иқтисодий натижаларга эришиш имкони ҳисобланади.
Вилоятда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш борасидаги ишларнинг бориши ҳам таҳлил этилди. Ҳозирги кунга келиб, 51 391 оила қўллаб-қувватлаш ва доимий даромад манбаига муҳтожлиги аниқланган. Идоралар, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига бу борада режалаштирилган лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш топширилди.
Сафар давомида "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бориши ўрганилди. Унинг ҳудудида умумий қиймати 26 млн долларлик иккита пилот инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу ЭИЗнинг муҳим иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, ташаббускорлари ва молиялаштириш манбалари аниқ бўлган янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, инфратузилма ҳолатини ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, тегишли идоралар раҳбарларига зарур коммунал-муҳандислик тизимлари, жумладан, электр ва газ тармоқлари, оптик толали алоқа кабелларини ўтказиш ва автомобил йўлларини барпо этиш масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш топширилди. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги кичик саноат зоналари ҳудудларида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудни комплекс таҳлил этиш натижасида қишлоқ хўжалиги соҳаси салмоқли ривожланиш салоҳияти борлигини кўрсатди. 2020-2021 йилларда Қашқадарё вилояти Қарши туманида “Иссиқхона шаҳарчаси”ни ташкил этишни ўз ичига олган умумий майдони 400 гектар бўлган иссиқхоналар, шунингдек, Қамаши ва Касби туманларида бир қатор юқори технологияли иссиқхоналар барпо этилиши режалаштирган. Шу муносабат билан мазкур лойиҳаларнинг ташаббускорларига ҳар томонлама кўмак бериш, шунингдек, Китоб, Қамаши ва Яккабоғ туманлари ҳудудида умумий майдони 3,5 минг гектар бўлган токзорлар яратиш бўйича қўшимча лойиҳаларни шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Вилоятда чорвачилик соҳаси ҳам ноёб салоҳиятга эга, шунинг учун бу соҳани янада ривожлантириш учун озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишлаб чиқариш занжирини кенгайтириш ва ушбу соҳада қўшилган қийматни максимал даражада ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш истиқболларига эътибор қаратилди. Шу муносабат билан мутасадди раҳбарларга вилоятда озуқа базасини ривожлантириш шунингдек, сут ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи кластерларни яратиш, чармни қайта ишлаш ва тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологик корхоналарни ишга тушириш мақсадида ташаббускорларни аниқлаш ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш топширилди. Бунга мавжуд ишлаб чиқариш объектларини замонавийлаштириш ва янги қувватларни барпо этиш йўли орқали эришиш мумкин.
Шунингдек, ҳудудда қурилиш материаллари маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун норуда хом аше материаллари, шу жумладан оҳак тош, гранит, мармар, доломит, керамзит, бентонит, гипс ва кварц каби конларининг мавжуд захираларини инвентаризациядан ўтказиш ва пардозбоп материаллар ишлаб чиқариш учун йирик инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳудуд иқтисодий ривожланишининг яна бир истиқболли соҳаси тўқимачилик саноати ҳисобланади: 2019 йилнинг охирига келиб вилоятда пахтани қайта ишлаш даражаси атиги 41% ни ташкил этди, бу эса янги ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш учун иқтисодий асос ҳисобланади. Масъул раҳбарларга янги қувватларни ишга тушириш ва мавжуд корхоналарни янгилаш ҳисобига етиштириладиган пахтани қайта ишлаш даражасини 100% га етказиш, ип-калавадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш даражасини 60% гача ошириш вазифаси топширилди.
Ушбу вазифаларни бажариш учун истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда хорижда яшаб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган юртдошларимизнинг тажриба ва салоҳиятидан фаол фойдаланиш тавсия этилди. Шунингдек, шу нуқтаи назардан Қашқадарё вилоятида “Лойиҳа фабрикаси”ни ташкил этишни тезлаштириш топширилди.
Ташриф натижасида мутасадди раҳбарларга инвестиция фаолиятини кучайтириш, инфратузилмани замонавийлаштириш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган мақсадли кўрсатмалар берилди. Бош прокуратура юқорида қайд этилган кўрсатмаларнинг бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб боради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги