Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарё вилоятида инвестициялар ва ташқи савдо ҳолати ўрганилди
2020-07-20 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари таркибидаги ишчи гуруҳ инвестиция ва инфратузилмавий лойиҳаларини амалга оширилишини мониторинг қилиш, ҳудудда иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш, шунингдек, тадбиркорлар ва экспортчиларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиб, тезкор ҳал қилиш мақсадида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Ишчи гуруҳ аъзолари жойлардаги корхоналарга бориб, тадбиркорлар ва экспортчилар фаолиятини, шунингдек, минтақа инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича ишларнинг боришини ўрганиб чиқди.
Ҳудудий ривожланиш дастурининг таҳлили ўтказилди. Унинг доирасида 2020-2021 йилларда вилоятда 22,2 трлн сўмлик 1449 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, умумий қиймати 6,7 трлн сўм бўлган 1057 та лойиҳа доирасида барпо этилаётган ишлаб чиқариш объектлари 2021 йил 1 июлдан кечикмай фойдаланишга топширилади. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва туризм вилоятнинг истиқболли соҳалари ҳисобланади. Таҳлил натижасида Сурхондарё вилоятининг Узун, Музработ, Бойсун, Ангора ва Шеробод туманларида инвестицияларни жалб қилиш кўрсаткичларининг пастлиги аниқланди, шу муносабат билан тижорат банклари раҳбарларига тегишли маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари ва хусусий ташаббускорлар билан биргаликда ушбу туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш суръатларини оширишга имкон берадиган қўшимча инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳудуд иқтисодий ривожланишининг драйверига айланиши мумкин бўлган истиқболли тармоқлар алоҳида кўриб чиқилди, бунда, хусусан, боғдорчилик ва узумчилик сектори катта салоҳиятга эга. Вилоятда жами 0,6 минг гектар майдонда самарасиз фойдаланилаётган боғлар ва узумзорлар мавжудлиги аниқланди. Ушбу ҳудудларни оптималлаштириш ва янги боғдорчилик корхоналарини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, улар ҳисобига 1,1 минг гектардан ортиқ боғлар ва узумзорлар ҳамда 3 минг гектар майдонда анорзорлар барпо этилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 103 та ташаббускор аниқланиб, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, масъул раҳбарларга янги боғлар ва узумзорлар яратиш учун 3,5 минг гектар қўшимча ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида ушбу йўналишда янги лойиҳаларни шакллантириш бўйича иш олиб бориш топширилди. Шунингдек, вилоятда 2021 йил охирига қадар мева етиштириш ҳажмининг 30 фоизга ўсиш прогнозини ҳисобга олган ҳолда маҳсулотни қайта ишлаш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Тўқимачилик ва трикотаж саноатида умумий қиймати 169 млн долларга тенг 55 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди, бу эса 5,2 минг янги иш ўрни яратишга имкон беради. Ушбу йўналишда етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали таниқли брендлар остида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш топширилди.
Шунингдек, минтақада мавжуд бўлган оҳактош, мармар, гранит, доломит, травертин ва бошқа қазилмаларнинг заҳираларини ҳисобга олган ҳолда, умумий қиймати 297,6 млн долларлик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 166 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Минтақавий ривожлантириш дастури доирасида устувор тармоқларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди, шу муносабат билан тармоқ бирлашмалари раҳбарларига Сурхондарё вилояти учун электротехника, чарм-пойабзал, тўқимачилик, фармацевтика соҳаларида ҳамда қурилиш материаллари саноатида истиқболли лойиҳаларни ўз ичига олган маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Вилоятнинг қулай географик жойлашувини, яъни Афғонистон билан чегарадошлигини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқилаётган лойиҳалар салмоқли экспорт салоҳиятига эга бўлиши ва ташқи бозорларнинг талаб ва эҳтиёжларига мос келиши лозимлиги таъкидланди.
Гуруҳ раҳбарияти "Айритом" чегара мажмуаси ҳудудига ташриф буюриб, мавжуд инфратузилма ва тақдим этилаётган божхона ва логистика хизматлари турларини ўрганиб чиқди. Ташқи иқтисодий фаолият субъектларнинг эҳтиёжларини тўла ва сифатли қондириш учун божхона назорат пункти фаолиятини янада такомиллаштиришнинг устувор чоралари белгиланди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон-Афғонистон йўналишида юк ташишни янада фаоллаштириш ва Ўзбекистон-Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради.
"Термиз" эркин иқтисодий зонаси иқтисодий салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш мақсадида унинг ҳудудида тайёр тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган йирик лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда тегишли идоралар раҳбарларига зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиб келиш ва йўлларни барпо этиш ишларини ҳам тезкор равишда амалга ошириш топширилди.
Аҳолини иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилди: боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, ҳунармандчилик, тўқимачилик, озиқ-овқат ва заргарлик соҳаларида ишга солинмаган имкониятлар қайд этилди.
Шунингдек, вилоятда 622,8 млн долларни ташкил этувчи 13 та инфратузилма лойиҳаларининг жумладан, 419,4 млн доллар миқдоридаги Сурхондарё вилояти сув таъминоти тизимини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш лойиҳалари, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари томонидан молиялаштириладиган шаҳар ва вилоят марказларида канализация тизимларини қуриш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширишининг бориши ўрганилди. Бундан ташқари, 805 млн доллар миқдоридаги автомобил йўлларини қуриш бўйича 9 та лойиҳани, жумладан, "Бишкек-Душанбе-Термиз" автомобил йўли, шунингдек, М39 "Тошкент-Термиз" автомобил йўлининг участкаларини қайта таъмирлаш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Ўрганиш натижасида мавжуд масалаларни ҳал этиш ва ушбу лойиҳалар амалга оширилишини жадаллаштириш юзасидан мақсадли кўрсатмалар берилди.
Вилоятга амалга оширилган ташриф якунида масъул раҳбарлар бириктирилган ва топшириқлар муддатлари аниқ белгиланган ҳолда инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятни кучайтириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, тадбиркор ва экспортчиларга мақсадли ёрдам кўрсатиш бўйича келгусидаги вазифалар режалаштирилди. Юқорида кўрсатилган кўрсатмаларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги