Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қўшма баёнотни муҳокама қилиш бўйича экспертлар гуруҳининг учрашуви якунлари тўғрисида
2020-07-16 | МДҲ
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида 2020 йилнинг 15 июль куни МДҲ иштирокчи давлатлари экспертлари видеоконференцалоқа шаклида Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёноти лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Тадбирда Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова (кузатувчи сифатида), Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этдилар.
Муҳокама қилинаётган ҳужжат жаҳон ҳамжамияти эътиборини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, жумладан, уларни халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш вазифалари билан боғлиқ мақсадларда ишлатишнинг заруратига эътибор беришга ундайди.
Учрашувда ҳужжат лойиҳаси юзасидан томонларнинг эътироз ва таклифлари муҳокама қилинди ва матннинг асосий бандлари келишилди.
Қўшма баёнот лойиҳасини муҳокама қилишни жорий йилнинг 21 август куни видеоконференция шаклида давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Лойиҳа маъқуллангандан сўнг ҳужжат жорий йил октабр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида қабул қилиниши режалаштирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги