Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди
2020-07-15 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ҳиндистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Сантош Джа билан учрашув ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасида инвестиция, савдо-иқтисодий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида инвестиция соҳасидаги шерикликнинг ижобий ўзгараётганлиги қайд этилди - 2019 йил охирида мамлакатимиз ҳудудида фаолият юритаётган Ҳинд корхоналари сонининг сезиларли даражада ўсиши туфайли Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри ҳинд инвестицияларининг ўсиши 17% ни ташкил этди. Ўзаро савдо соҳасида ҳам ривожланиш кузатилган – 2019 йилнинг охирига келиб савдо айланмаси динамикаси 24,1% ўсишни кўрсатди. Шу билан бирга, учрашув иштирокчилари ҳар икки мамлакат иқтисодиётининг мавжуд салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси ва Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим юзасидан олиб борилаётган музокараларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар ахборот технологиялари, фармацевтика, тўқимачилик ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари соҳаларида янги инвестиция ва экспорт шартномалари бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олдилар. Шунингдек, икки томонлама муносабатларни барқарор ривожланиши учун муҳим қадам бўлиши мумкин бўлган икки томонлама лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва амалга оширишни илгари суриш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитасининг 1-чи йиғилишини яқин вақтларда ўтказиш мақсадида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ҳам келишилди.
Ҳиндистон Эксимбанкининг Ўзбекистондаги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит линиясини ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги молиявий-техник ҳамкорлигининг ҳажмини кенгайтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Гуманитар соҳадаги шерикликни ривожлантиришдаги муваффақиятлар ҳам таъкидланди: 2019 йилнинг октябрь ойида Андижон вилоятида Шарда университетининг филиали очилди, унда электрон ва коммуникация муҳандислиги, бизнес бошқаруви ва савдо соҳасида мутахассислар тайёрланади ва жорий йилнинг февраль ойида Амити университетининг ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий интеллект ва менежмент соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган филиали очилди. Шу нуқтаи назардан Деҳли фармацевтика илмий-тадқиқот университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Тошкент фармацевтика институтида мазкур университетнинг филиалини очиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Сантош Джага Ўзбекистон ҳукумати номидан Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларини ривожлантиришга қўшган беқиёс ҳисса учун миннатдорчилик билдирилди, шунингдек, Ҳиндистон Республикасининг Белгия Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси ва ЕИдаги элчи сифатида аккредитация қилиниши сабабли янги лавозимда муваффақиятли фаолият юритиш истаклари билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги