Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миср Ташқи ишлар вазири ўринбосари билан музокаралар тўғрисида
2020-07-15 | Сиёсат
2020 йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиков Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ҳани Салим билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Миср муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, 2018 йил сентябрь ойида Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Абдулфаттаҳ ас-Сисининг учрашуви ва музокаралари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Халқларимизнинг маънавий, тарихий-маданий умумийлиги, урф-одатларининг ўхшашлиги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг мустаҳкам асоси экани таъкидланди. Шу ўринда Миср томони Искандария кутубхонаси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, 2019 йилда 40 дан ортиқ Миср делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюриб, 10 та бизнес форуми ва B2B шаклидаги учрашувларда иштирок этди, ушбу тадбирлар давомида 30 дан ортиқ битимлар ва меморандумлар имзоланди.
“Ўзбекистон - Миср” ва “Миср - Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳлари ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилди, бу эса қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини беради.
Томонлар халқаро аҳамиятга молик бошқа долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги